23 июль, якшанба куни ижтимоий тармоқларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари болалар боғчаси тарбияланувчилари билан суҳбат ўтказаётгани акс этган қисқа видео тарқалди.

Видеода ички ишлар органи формасини кийган икки ходимнинг олтмиш нафардан зиёд бола қаршисида столда ўтирганини, улардан бирининг кичкинтойларга гапираётганини кўриш мумкин.

ИИБ ходимларидан бири гапираётган вақтда айрим болалар турли ҳаракатлар қилаётгани: бири ўрнидан туриб олгани, бир-бирига тегиниб ўтиргани тасвирланган. Тарбиявий соатни видеога олаётган одам эса камера ортида туриб, ўртоғининг юзи ва қулоғини ушлаётган болага «Ш-ш-ш!» дегани ҳам эшитилган.

ИИБ ходими болаларга оқ ва қорани ажратиш ҳақида гапираркан, шундай дейди:

«Ҳурмат қилиш керак ота-онани, қолган нарса ўзи бўлиб кетаверади. Фақат яхши инсон бўлиш керак, бўлди. Қилма деганни қилиш керакмас. Қилгин [деган] ишни қилиш керак. Оқ билан қорани ажратиб олинглар олдин. Нима оқ, нима қора? Қайси ишни қилсам, тўғри бўлади, қайси ишни қилсам, нотўғри бўлади? Қилишдан олдин бу ишни қилганимдан кейин эртага нима бўлади, шуни ўйлаш керак. Тушунтира олдимми?»

Ушбу видео тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди ҳамда жамоатчиликда кўплаб саволлар туғилди. «Болалар билан бундай суҳбатни ўтказиш кимнинг ташаббуси: ички ишлар органлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ёки битта болалар боғчаси раҳбари? Бундай учрашувдан мақсад нима? Болаларнинг психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, улар билан бундай мулоқот қилиш қанчалик мақбул?»

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси жавоби

Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати видеодаги ҳолат бўйича муносабат билдирди. Қайд этилишича, ҳолат 18 июль куни Учтепа туманидаги боғчаларнинг бирида кузатилган.

Таъкидланишича, 17 июль куни тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг раҳбари томонидан туман ИИО ФМБ, мудофаа ишлари бўлими ҳамда «Фарҳод» МФЙ раиси номига ҳамкорликда «Ҳарбийлар билан учрашув» мавзусида профилактик тадбир ўтказиш юзасидан таклифнома юборилган.

Шунга асосан, 18 июль куни туман ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ «Фарҳод» маҳалласига хизмат кўрсатувчи 40-сонли ТП профилактика катта инспекторлари капитан Ф.Т. ва лейтенант А.А. ушбу боғчага келган (бу қисм расмий муносабатда мавжуд эди, аммо бошқарма хабарни ўчириб, уни каналга қайта жойлаганда тушириб қолдирилган).

«Профилактика инспекторлари боғча тарбияланувчилари билан ватанга муҳаббат, ота-она қадри ва келажакда ватанни қўриқлайдиган мард ўғлон ва қизлар бўлиб етишишлари, боғчадан нотаниш фуқаролар билан кетмаслиги, уйини бегона шахсларга очмаслик, бегона шахсларнинг қўлларидан ширинлик ва бошқа нарсаларни олмаслик ҳақида суҳбат ўтказган. Улар ўзлари билан олиб келган китоб ва ўйинчоқларни боғча тарбияланувчиларига совға қилиб топширишган», — дейилади расмий ахборотда.

Қўшимча қилинишича, тадбир тафсилотлари акс этган видеолавҳани гуруҳ тарбиячиси тарбияланувчиларнинг ота-оналари учун очилган Telegram гуруҳга ташлаган. «Айрим ота-оналар томонидан бу видеолавҳа бошқа гуруҳларга ташланиб, томошабинлар томонидан нотўғри талқин қилингани ачинарлидир», — дейилади пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабатида.