Президент 26 июль куни Тошкентни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш тўғрисидаги [ПФ-112-сонли] фармонни имзолади. Адлия вазирлиги ҳужжатнинг асосий бандларини келтириб ўтди.

Пойтахтни тоза ҳаволи масканга айлантириш ҳақида Шавкат Мирзиёев президентликка қайта сайланишидан аввалроқ — 5 июлда Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашган вақтида айтиб ўтганди. Унда келгуси етти йилда яшил ҳудудни 5 баробарга кўпайтириб, 5 минг гектарга етказиш режалаштирилгани айтилган.

Фармонга кўра, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Шаҳар бўйлаб ҳар йили камида 1 млн дона манзарали, мевали кўчатлар ва қаламчалар экилади. Ҳар бир маҳаллада мингтадан дарахт кўчатлари экиш ишлари давом эттирилади. Яшил майдонларни кўпайтириш бўйича бир қатор ҳужжатлар, мораторийлар эълон қилинишига қарамай, нафақат Тошкент, балки бутун Ўзбекистонда дарахтларни ноқонуний кесиш тўхтамаяпти. Йил бошидан буён дарахтларни кесишдан кўрилган зарар 3,6 млрд сўмни ташкил этди.

Шунингдек, ҳужжатда Янги Тошкент ҳудудидаги 50 гектар майдонда йирик Аквапарк ва 35 гектар сунъий кўл ташкил қилиниши ҳам белгиланган. Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда аквапарк қурилиши учун 200 млн доллар маблағ ажратилиши ҳақида гапирганди.

Унда одамлар маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилади. Ишлар 2023−2026 йилларда амалга оширилади. Шунга кўра, Тошкент шаҳрида қўшимча 4 минг гектар яшил ҳудудлар ташкил этилади. Ҳозир пойтахтда яшил майдонлар ҳажми 900 гектар бўлиб турибди.

Шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тарзида ўтказилади. Бунда давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Фармонда келтирилишича, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси этиб қайта номланди. Давлат ва тадбиркорлар ўртасида «кўприк» вазифасини бажарувчи «Тошкент Инвест компанияси» акциядорлик жамияти ташкил этилди.