Президент Шавкат Мирзиёев 31 декабрь куни «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди.

Белгилансинки, мораторий даврида амалдаги чеклов ва мажбуриятлар билан бирга қўшимча равишда:

Ҳуқуқбузарларга:

  • мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга;
  • дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилади;

Мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражаси — рейтинг баҳоси бир поғона пасайтирилади. Бунда:

  • даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил мобайнида даражасини (рейтинг баҳосини) кўтариш имконидан маҳрум бўлади;
  • даражасини (рейтинг баҳосини) бир поғонага пасайтириш имкони бўлмаган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади.

Шунингдек, янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди (эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно);

Қолаверса, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг сентябрида Экологик партия ҳукуматдан дарахтларнинг айрим турларига ярим йиллик мораторий эълон қилишни сўраганди.

Шундан сўнг, сентябрь охирларида бош вазир топшириғи билан 1 февралга қадар ўрмонлардан ташқаридаги дарахтларни кесишга мораторий жорий этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу вақт давомида дарахт ва буталарни парваришлар, калталатик ва кесиш меъёрлари қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Мораторий эълон қилинганига қарамасдан, 2020 йил ноябрь ҳолатига 7854 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга 9,787 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум қилинди.

2021 йилнинг январь ойида эса Давлат экология қўмитаси 2020 йилда ноқонуний дарахт кесилиши билан боғлиқ жами 3 960 та ҳуқуқбузарлик аниқланганини маълум қилди. Ноқонуний дарахткесарларнинг 136 нафари мансабдор шахс бўлган.

Февралга келиб, президент фармони билан дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий муддати 2021 йил якунигача узайтирилди. Бундан ташқари, ноқонуний кесилган ҳар туп дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва уларни 3 йил парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Август ойида эса президент топшириғига кўра, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши айтилди.

Сентябрда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши ҳақида маълум қилди.