20 июль куни «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-232-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ташкил этилади. Шунга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари — Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директори лавозими жорий этилади.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан, кўп квартирали уйлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорига мувофиқ «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали аукцион савдоларида сотилади ёки ижарага берилади.

Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январгача Дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент барпо этилиши, пойтахт эса «яшил ҳудуд» га айлантирилиши ҳақида маълум қилган эди.

Жорий йил март ойида эса пойтахтдаги давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 млн аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилиши билдирилди. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.