Тошкент вилоятида «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросимида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Секин-секин Тошкентдан Тошкент вилоятига қараб кетяпмиз. Баҳаво жойларга қараб кетяпмиз. Биз секин-секин «Янги Тошкент»ни қурамиз. Лекин янги баҳаво жойда бўлади. Бу томонга қараб, мана шу одамларимизни ўргатиб, катта лойиҳа устида анчадан бери ишлаяпмиз», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа тахминан 2−3 ой ичида оммага тақдим этилади.

«Кўпларингиз ўйлашларингиз мумкин, нима учун бу Тошкентдан узоқ жойда деб? Тошкентда энди қурилиш қилмаймиз, Тошкентни яшил ҳудудга айлантирамиз», — дея таъкидлади у.

Президент сўнгги 4−5 йил ичида Тошкентда йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилганини, лекин энди қурилиш Тошкент вилоятига ўтишини таъкидлади. Хусусан, расмийлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида инфратузилма яратиш учун катта куч сарфламоқда.

«Шу Бўстонлиқ тумани билан келажакда мана шу уйғунликда, иложи борича ҳамма янги қурилишларимизни Тошкентда эмас, янги режалар билан, халқимиз билан битта нарсани айтмоқчиман, ҳар бир қўйган ғиштимизни ҳам халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз. Мана шуни ҳамма билиши керак», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев аввалроқ «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида, «баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаётгани» ҳақида таъкидлаган эди. Ўшанда президент Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланаётганини маълум қилган.

Биринчи марта «Янги Тошкент» лойиҳаси ҳақида 2019 йил июнь ойида хабар берилган. Буюк Британиянинг Benoy архитектура компанияси Чирчиқ дарёсининг қарама-қарши томонида 20 минг гектардан ортиқ майдонда қурилиши режалаштирилган «Янги Тошкент»нинг бош режаси ҳақидаги лойиҳасини тақдим этган эди.

Май ойида эса Шавкат Мирзиёев Қибрай туманидаги янги боғ ҳудуди Тошкент таркибига ўтказилишини маълум қилган.