Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент» лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида нутқ сўзламоқда, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бугунги кунда пойтахтда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилади. Яқин йилларда бу кўрсаткич яна кўпайиши кутилмоқда. Шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд квартирали кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор.

«Шунинг учун пойтахтнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15−20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур», — деди давлатимиз раҳбари.

Шуларни инобатга олиб, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Туркиялик мутахассислар билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Жумладан, Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилиб олинди.

Бу лойиҳани амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд денгиз сатҳидан 500 метр баланд бўлиб, шаҳарга яқинлиги, ўз иқлими, баҳаволиги ва икки дарё ўртасида жойлашгани билан ажралиб туради.

Ҳозирги Тошкент 43 минг гектар худудни эгаллайди. «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади.

Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.

Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади. Босқичма-босқич давлат идоралари ҳам Янги Тошкентга кўчиб боради.

Уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади.

Шунингдек, Янги Тошкентда метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади.

Бунда, яшил ва хавфсиз шаҳар тамойили асосида пиёдалар ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ерости тураргоҳлари қурилади.

Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий туннель ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.

Шунингдек, Марказий Осиёда илк бор уч-генерация станцияси қурилади. Яъни бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилади, ёзда эса совитилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.

Инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси Янги Тошкент ҳудудидан бошланади. Бунда 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросимида «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилган.

«Секин-секин Тошкентдан Тошкент вилоятига қараб кетяпмиз. Баҳаво жойларга қараб кетяпмиз. Биз секин-секин «Янги Тошкент»ни қурамиз. Лекин янги баҳаво жойда бўлади. Бу томонга қараб, мана шу одамларимизни ўргатиб, катта лойиҳа устида анчадан бери ишлаяпмиз», — деганди давлат раҳбари.