Президент Шавкат Мирзиёев 14 июндаги «болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир» қарори билан хусусийлаштириш режалаштирилаётган объектлар рўйхатига ўзгартиришлар киритди.

Хусусан, «Сижжак» ва «Чотқол» дам олиш масканлари 2021 йилдан бошлаб хусусийлаштиришга ҳаракат қилинаётган давлат мулклари рўйхатидан чиқарилди. Ҳозир «Сижжак» 124-мактаб интернати балансида бўлиб, унинг фаолият турини ўзгартириш ва сотиш тақиқланган, «Чотқол» эса Касаба уюшмалари федерацияси балансига ўтказилди.

«Сижжак» 2021 йил апрель, 2022 йил апрель ва октябрь ойларида савдога қўйилган, шунга қарамай 5,4 гектар майдондаги объект сотилмаган. Ҳудудида «спорт иншооти», меҳмонхона, учта сузиш ҳавзаси, амфитеатр, коттеж ва бошқа бинолар мавжуд бўлган объект 70 миллиард сўмга баҳоланган.

Илгари бу дам олиш маскани Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган ва суд томонидан давлат ҳисобига ўтказилганди. Президентнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан объект спорт ташкилотлари ихтиёрига ўтказилиши ва Ўзбекистон футбол ассоциасияси қошида миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базаси ташкил этилиши режалаштирилганди.

Давлат раҳбарининг 2019 йил декабрь ойидаги футболни ривожланишнинг янги босқичига кўтариш тўғрисидаги қарори билан юқоридаги ҳужжатнинг ушбу банди ўз кучини йўқотди ва терма жамоалар учун ўқув-тайёрлов маркази Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани, Янгибозор қишлоғи ҳудудида ташкил этилиши белгиланди.

2019 йил июль ойида «Сижжак»ни Ўзбекистон Триатлон федерациясига бепул фойдаланишга топшириш режалаштираётгани маълум бўлди. Аммо 2020 йил июнь ойида активни хусусийлаштиришга қарор қилинди.

2021 йил ёзида хусусийлаштирилиши белгиланган «Чотқол» дам олиш масканини ҳам уч марта сотишга ҳаракат қилинган. Октябрь ойида лот 12,2 миллиард сўм нарх билан аукционга қўйилган бўлса, ноябрь ойида Давлат активлари агентлиги объектни сотиш бўйича тендер эълон қилган эди.