Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 5,4 гектар майдонда жойлашган «Сижжак» дам олиш масканини яна сотувга қўйди.

Давлат активини сотиш икки босқичда амалга оширилади. Сотишнинг муҳим шартлари қаторига келажакда меҳмонхона ва/ёки бошқа сайёҳлик инфратузилмасини сақлаш ва ривожлантириш мажбурияти киради.

Дам олиш маскани ўзида меҳмонхона, бир қанча бассейнлар, амфитеатр, коттеж ва бошқа биноларни мужассам этган.

Савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар аризаси 11 май куни соат 18:00 га қадар ўзбек ёки рус ёхуд инглиз тилларида қабул қилинади.

2021 йилнинг апрелида ушбу объект сотувга қўйилганди. Ўшанда Давлат активларини бошқариш агентлиги масканнинг суратларини ҳам эълон қилганди.

Аввалроқ, дам олиш маскани Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. 2017 йилнинг 10 февралида оромгоҳ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ажрими билан мусодара этилганди.

Кейинчалик ушбу қароргоҳ ичидаги барча жиҳозлари билан Триатлон федерациясига вақтинча текин фойдаланишга берилди. Кейинроқ масканни оммавий савдолар орқали шаффофлик принципи асосида сотувга қўйишга қарор қилинди.