«Газета.uz» 2023 йил 1 июлдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. «Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси» жорий этилади.

Президентнинг 2023 йил 7 апрелдаги [ПҚ-114-сон] қарори билан спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилиб, улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгиланди. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси» жорий этилди. Бунда:

  • стипендия миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари этиб белгиланади;
  • мазкур стипендия тайинланган спортчиларга президентнинг тегишли қарорида белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.

2. Айрим тадбиркорлар ишчиларининг даромад солиғи қайтариб берилади.

Президентнинг 14 июндаги қарори [ПҚ-192-сон] билан иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилди:

  • ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;
  • ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда белгилаш;
  • иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши.

3. Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.

Президентнинг 12 июндаги фармони [ПФ-91-сон] билан ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Шунингдек, давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш учун фақат Миллий каталог ва реестрга киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби жорий этилади.


4. Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.

Президентнинг 2 июндаги қарори [ПҚ-181-сон] билан Жаҳон савдо ташкилоти қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.


5. «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинади.

Президентнинг 31 майдаги фармони [ПФ-81-сон] билан «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинади. Шунингдек, чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланади. «Чиқиндиларни оммавий йиғиш» (ЎзПлоггинг) умуммиллий ҳаракати ташкил этилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган қарздорликни мажбурий тартибда ундириш учун судга даъво аризалари санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан киритилади.


6. Давлат органлари АКТ ходимларининг малакаси оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 20 майдаги 208-сонли қарори билан давлат органларининг АКТ соҳасига масъул ходимларининг 3 йилда бир марта малакасини ошириш йўлга қўйилади.


7. «Яшил энергия» сертификатини бериш бошланади.

Президентнинг 12 майдаги қарори [ПҚ-156-сон] билан электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи «яшил энергия» сертификати тизими «Ўзбекгидроэнерго» АЖдаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилади.


8. Нодавлат футбол муассасаларига футбол ассоциацияси аъзоси бўлиш талаби қўйилади.

Президентнинг 7 апрелдаги қарори [ПҚ-115-сон] билан нодавлат футбол муассасалари учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан нодавлат футбол муассасаларининг рейтинги юритилади.


9. Айрим вино маҳсулотларига акциз маркаси ёпиштирилмайди.

Президентнинг 4 апрелдаги қарори [ПҚ-110-сон] билан кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.


10. Электр етказиб бериш бўйича шартномалар «Шаффоф қурилиш» тизими орқали тузилади.

Президентнинг 13 февралдаги қарори [ПҚ-54-сон] билан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали тузилади.


11. Айрим тезкор-қидирувларда экспресс текшириш техник воситалари ўша жойнинг ўзида қўлланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 12 январдаги 12-сонли қарори билан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар қуйидаги ҳолатларда:

  • гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни қайд этишда аниқланган модда (буюм)нинг гиёҳванд воситасига тааллуқли эканлигига шубҳа пайдо бўлганда;
  • аниқланган модда (буюм)ни гиёҳвандлик воситаларининг қайси турига мансублиги бўйича савол туғилганда;
  • гиёҳвандлик воситаларининг янги турлари аниқланганда;
  • тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда аниқланган валюта намунаси қалбаки эканлигига шубҳа пайдо бўлганида;
  • тезкор-қидирув тадбирлари давомийлигини таъминлаш зарурати юзага келганда, тезкорликни амалга ошириш ҳамда тегишли вақтни тежаш мақсадида мазкур модда (буюм) ёки валюта намуналарини улар аниқланган жойнинг ўзида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида экспресс текшириш техник воситалари ёрдамида текширади.

12. Айрим турдаги дорилар сертификатлаштирилмайди.

Президентнинг 2022 йил 26 октябрдаги қарори [ПҚ-411-сон] билан референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.


13. Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлари танлов асосида тайинланади.

Президентнинг 24 мартдаги қарори [ПҚ-101-сон] билан давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади, бундан президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Шунингдек, давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларидан ходимлар учун белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, самарали фойдаланиш тартиби жорий этилади.


14. 2010 — 2012 йилларда берилган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сонли қарори билан эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспортни рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича узайтирилган:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2023 йил 31 мартгача;
  • 2010 — 2012 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 июнгача;
  • 2013 — 2015 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2023 йил 31 декабргача.

Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.