Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги ресторанда аёлларга стакан улоқтирган эркакка жиноят иши очилди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Туманнинг «Гулистон» маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Д. танишлари билан Шаҳрисабз шаҳридаги «Караван» номли ошхонада ўтирганида Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Б.Ш. фуқаро Р.Д. ва унинг танишлари ўтирган ошхона столига келиб ўтирган. Сўнгра туриб кетиб, бирор етарли сабабларсиз ошхона столи томон ичимлик ичиш учун мўлжалланган шиша идишни отган.

Оқибатда шиша идиш фуқаролар Р.Д. ва Қ.С.ларнинг юз ҳамда бўйин соҳасига келиб тегиши сабабли тан жароҳати олиб, шифохонага тушган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан фуқаро Б.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди (совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Блогер Нурбек Алимов ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат видеосига муносабат билдираркан, «бир аёлнинг хуснини бузиб, бутун умрли даҳшатлар ичида яшашга мажбур қилган бу зўравонлар қонун олдида тиз чўктирилиши керак», дея таъкидлади.