Тошкент шаҳри Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасида жойлашган Бош прокуратура академиясининг бино ва иншоотлари яна сотувга қўйилди, деб хабар бермоқда E-auksion платформаси.

Объект январь ойида кимошди савдосига чиқарилганди, аммо мулк сотилмади.

Биноларнинг умумий майдони 9560 квадрат метрни ташкил қилади. Улар 0,36 гектар майдонда жойлашган. Бошланғич нарх ўзгармади — 171,47 млрд. Шу билан бирга, бўнак пули (закалат) суммаси 5 фоиздан 1 фоизга туширилди.

Қолган шартлар ўзгаришсиз қолди. Хусусан, сотилгандан кейин Бош прокуратура академияси бино ва иншоотлардан бир йил давомида бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Харидор объект қийматининг камида 35% ини тўлаши керак, у бир йил ичида қолган суммани тўлаши мумкин.

Аризалар 3 июлга қадар қабул қилинади, шу куни соат 10:00 да аукцион ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида президент фармони билан Бош прокуратура академияси негизида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилган бўлиб, муассасада 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида бакалавриат ва магистратура ўқув жараёни йўлга қўйилади. Ҳужжатдан маълум бўлишича, у янги 2023/2024 ўқув йилигача фойдаланишга топширилиши кутилаётган янги бинога эга бўлади.