Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни «Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади.

Академия Бош прокуратура ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга, ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида олий таълимнинг икки босқичли тизими — бакалавриат ва магистратура бўйича тўлақонли ўқув жараёни ташкил этилади.

Муассасанинг тергов фаолияти йўналишидаги ҳар йилги қабул квоталари бакалавриат дастури бўйича — 250 нафаргача талаба, магистратура дастури бўйича — 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларидан иборат бўлади. Шунингдек, таълим олиш муддати бакалавриат дастури бўйича — уч йил, тергов фаолияти йўналишидаги магистратура дастури бўйича — бир йил бўлади.

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини тугатилади ҳамда унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базаси академияга ўтказилади. Академияга президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.