Туркия Республикаси Марказий банки (ТРМБ)га янги раҳбар сифатида Ҳафизе Гайе Эрканнинг тайинланиши ойнинг энг эътиборга молик воқеаларидан бири бўлди. 9 июнь куни ўзининг янги лавозимини расман қабул қилиб олган Эркан Туркия Марказий банки бошқарувига келган илк аёл ҳисобланади. Қолаверса, у Туркия регуляторининг сўнгги тўрт йилликдаги бешинчи раҳбари ҳамдир. Мазкур тайинлов уни айни пайтда бутун дунё бўйлаб марказий банк раҳбари сифатида фаолият олиб бораётган 10 га яқин аёллар (Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард, Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина, сербиялик Жоргованка Табакович ва бошқалар)дан бирига айлантирди.

Ҳафизе Гайе Эркан Туркия Марказий банки раҳбари лавозимини Шаҳап Кавчиўғлидан (ўнг томонда) қабул қилиб олди. Фото: Туркия Марказий банки.Ҳафизе Гайе Эркан Туркия Марказий банки раҳбари лавозимини Шаҳап Кавчиўғлидан (ўнг томонда) қабул қилиб олди. Фото: Туркия Марказий банки.

Мамлакат президентлигига қайта сайланган Режеп Таййип Эрдоған Меҳмет Шимшекни ғазначилик ва молия вазири этиб тайинлаши ҳамда Марказий банк раҳбарлигини Ҳафизе Гайе Эрканга ишониб топшириши мамлакатда пул-кредит сиёсатининг анъанавий йўналишга қайтиши, молиявий вазиятнинг барқарорлашувига умид уйғотмоқда.

Эркан мазкур лавозимга Туркия муаммолар гирдобида қолган бир пайтда киришди. Шунга кўра, янги марказий банк раҳбари сифатида у кўп йиллик ноанъанавий пул-кредит сиёсатидан сўнг маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишончини тиклаш, мамлакатда инфляцияни жиловлаш орқали яшаш харажатлари инқирозини юмшатишдек мураккаб вазифа олдида турибди, деб ёзмоқда Reuters.

Financial Times нашрига кўра, Ҳафизе Эрканнинг меҳнат фаолияти бунгача асосан йирик молия институтлари балансидаги рискларни таҳлил қилувчи мураккаб моделларни яратишдан иборат эди. Эрканнинг классик математик назарияларга асосланган қарашлари 2019 йилдан бери бешта марказий банк раҳбарини тайинлаган Эрдоғаннинг радикал иқтисодий қарашларидан кескин фарқ қилади. «Ахборотлар масаласида шубҳага ўрин йўқ. Ҳар қандай позицияни рақамларнинг кучи билан мустаҳкамлаш мумкин», дейди Эркан ўзининг таржимаи ҳолида.

43 ёшли Ҳафизе Гайе Эркан бугунги кунгача АҚШ корпоратив дунёсида молиявий хизматлар, банк иши, инвестициялар, рискларни бошқариш, технология ва рақамли инновациялар бўйича қатор муваффақиятларга эришган. Шунга қарамай, Туркиянинг ўзида Эркан ҳақида кам нарса маълум, қолаверса, у ўз каръерасида илк марта давлат хизматига киришганлиги ҳам соҳа мутахассислари ҳамда мамлакат жамоатчилиги эътиборини тортди.

Таълимда илғор, карьерада муваффақиятли

Ҳафизе Эркан 1979 йилнинг апрель ойида Истанбулда зиёли оилада туғилган. Отаси — муҳандис, онаси — математика ва физика фанлари муаллимаси бўлган Эрканда рақамлар билан ишлаш кўникмалари болаликдан шаклланган. Қолаверса, дастурий таъминот гуруҳига эгалик қилувчи қўшниларидан C++ дастурлаш тилини ўрганган. «Мен уларга турк қаҳвасини тайёрлашим эвазига улар менга C++ тилини ва рекурсив функциялар завқини ўргатишган», деб ёзади у таржимаи ҳолида.

Эркан Туркиядаги энг яхши давлат мактабларидан бири ҳисобланган Истанбул ўрта мактабини энг намунали ўқувчилар сафида тамомлаган. Ўрта мактаб таълимидан сўнг дастлаб Туркиянинг нуфузли университетларидан бири — Бўғазичи университетида саноат муҳандислиги бўйича таҳсил олади.

2006 йилда АҚШнинг Принстон университетида рискларни бошқариш бўйича диссертация ёқлаб, амалиёт тадқиқотлари ва молия муҳандислиги бўйича докторлик даражасини олди. Кейинчалик — 2015 ва 2016 йилларда Эркан Гарвард бизнес мактаби ва Стенфорд Олий бизнес мактабининг бизнес дастурларини ҳам битирди.

Ҳафизе Эркан ўз меҳнат фаолиятини 2005 йилда Goldman Sachs глобал инвестиция банкида бошлаган. Бу ерда у 10 йилга яқин фаолият юритган, йирик молиявий гуруҳларга ўз бюджетларини стресс тестидан ўтказиш бўйича маслаҳатлар берган, 2011 йилга келиб эса бошқарувчи директор даражасигача кўтарилган.

Financial Times’нинг ёзишича, Goldman Sachs банкида у АҚШнинг First Republic банки асосчиси Жим Герберт билан учрашади. 2014 йилда Герберт уни калифорниялик кредиторнинг инвестиция портфели ва унинг рискларни бошқариш функциясининг асосий қисмини бошқариш учун ёллайди. Эркан First Republic банкида мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилади ва 2016 йилда депозитлар бўйича бош директор лавозимини ҳам ўз зиммасига олади.

Ҳафизе Гайе Эркан First Republic банки асосчиси Жим Герберт билан. Фото: Todd Johnson / San Francisco Business TimesҲафизе Гайе Эркан First Republic банки асосчиси Жим Герберт билан. Фото: Todd Johnson / San Francisco Business Times

2021 йилнинг ёзида Эркан банкнинг ҳамраиси этиб тайинланди ва ўша пайтда АҚШнинг энг йирик минтақавий кредиторларидан бири ҳисобланган Жим Гербертнинг ўрнига асосий номзод сифатида кўрилди. Бироқ унинг мазкур лавозимдаги фаолияти қисқа ва оғир кечди: Эркан Financial Times нашри томонидан «токсик» деб топилган бир қатор юқори лавозимли раҳбарлар билан ўзаро алоқаларда иштирок этган эди.

2021 йилнинг декабрида Герберт юрак хасталиги сабаб тиббий таътилга чиқишга мажбур бўлди. Эркан шундан бир ой ўтиб — 2021 йил охирида компанияни тарк этди. Бу эса банк акцияларининг қулашига сабаб бўлди, деб ёзади Business Insider. Шундан буён First Republic Bank АҚШдаги 2008 йилдан кейинги даврда кузатилган энг йирик банк инқирозининг марказида бўлиб келмоқда. У фоиз ставкасининг кўтарилиши натижасида омонатчилар томонидан катта босимга дуч келди, натижада банк 2023 йилнинг май ойи бошида JP Morgan’га сотилди.

First Republic банкини тарк этгач, Эркан бир йил ўтиб, Нью-Йоркдаги Greystone тижорий кўчмас мулк фирмасининг ҳамраиси сифатида қисқа муддат фаолият олиб борди — 2022 йил июнь ойида лавозимга тайинланди ва ўша йилнинг декабрида ишдан кетди.

Фото: AA PhotoФото: AA Photo

2018 йилда Ҳафизе Эркан Crain New York Business ҳамда San Francisco Business Times томонидан 40 ёшгача бўлган энг самарали 40 шахс рўйхатига киритилган бўлиб, у АҚШнинг 100 та энг йирик банкларидан бирида президент ёки бош директор унвонига сазовор бўлган 40 ёшгача бўлган ягона аёл сифатида эътироф этилган эди. 2019 йилда эса American Banker томонидан банк соҳасидаги «энг кучли аёллардан бири» деб топилган. Reuters нашрига кўра, молиявий соҳада нуфузли шахс сифатида кўрилувчи Эркан, шунингдек, Marsh MacLennan бошқарув кенгашидан жой олган.

Эркан Қизлар мактаблари миллий коалициясининг қўллаб-қувватлайди. Яқинда у коалиция билан ҳамкорликда ёш аёллар ва қизлар учун First Repblic банкининг Ҳафизе Гайе Эркан номидаги стипендия дастурига асос солганди.

Фото: LinkedInФото: LinkedIn

Давлат хизматига кириб келиши

Марказий банк раҳбарлиги Эрканнинг давлат секторидаги илк иши. Қолаверса, бутун профессионал ҳаётини Туркиядан ташқарида ўтказган Эрканнинг марказий банк ишида расмий тажрибаси йўқ, шу сабабдан унинг пул-кредит сиёсатига қай даражада мойиллиги ҳали ноаниқ, деб ёзмоқда Reuters. Шунга қарамай, собиқ ҳамкасблари унинг давлат секторидаги янги ролидан ажабланишмади.

Хусусан, Эрканнинг собиқ ҳамкасби, Нью-Йорк Сити учун ҳамкорлик ташкилоти президенти ва бош директори Кэтрин Уайльднинг қайд этишича, Эркан «қатъиятли, ақлли ва самарали» мутахассис сифатида кўрилган. «Эркан, шунингдек, давлат сиёсати ва жамият фаровонлигига чуқур қизиқиш билдирарди. Шундай экан, унинг давлат хизматига киришиши ажабланарли эмас», дейди Уайлд.

Business Insider нашрига кўра, Туркиянинг кўп йиллик давлат раҳбари Эрдоған қўли остида мамлакатнинг молиявий ва иқтисодий сиёсатини юритиш Эркан учун энг оғир вазифа бўлади.

Режеп Таййип Эрдоған кўп йиллар давомида ноанъанавий иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаб келди ва бу инвесторларнинг Туркия бюджети аҳволига доир хавотирларини кучайтирди. Туркия президенти фоиз ставкаларини «барча ёвузликларнинг онаси ва отаси» деб атайди ва юқори кредит харажатлари юқори инфляцияни бартараф этмаслиги, балки унга сабаб бўлишини таъкидлаб келади. Марказий банкнинг аввалги раҳбари Шаҳап Кавжиўғли икки йил ичида ставкаларни 19 фоиздан 8,5 фоизга туширди. Бу, ўз навбатида, чуқур инфляция инқирозини келтириб чиқарди ва лирани кучли босим остида қолдирди. Марказий банк, шунингдек, бу йил лира курсини барқарорлаштиришга уринишлари ортидан 25 млрд долларга яқин хорижий валюта захираларини сарфлаб юборди.

Туркияда чуқур инфляция инқирози. Фото: TradingeconomicsТуркияда чуқур инфляция инқирози. Фото: Tradingeconomics

Турк лираси Эрдўғон қайта сайланганидан бери пасайишда давом этмоқда. Май ойида мамлакатда йиллик инфляция даражаси 39,59 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг октябрь ойида мазкур кўрсаткич 85,51 фоизга кўтарилган эди.

Шундай қилиб, Туркия марказий банки Эрдоғаннинг банк раҳбарларини кетма-кет лавозимидан озод қилиши ва инфляция ўсиб бораётган шароитда ҳам регуляторни фоиз ставкаларини пасайтиришга мажбур қилишидан кўп зарар кўрди. Шунга қарамай, президентликка қайта сайланганидан сўнг Меҳмет Шимшекни молия вазири этиб тайинлагани иқтисодий сиёсатнинг барқарорлашувига, хусусан, Марказий банк мустақиллиги қайта тикланишига умид уйғотмоқда.

Меҳмет Шимшек. Фото: DHAМеҳмет Шимшек. Фото: DHA

Financial Times’нинг ёзишича, Goldman Sachs Шимшекнинг тайинланиши «пул-кредит сиёсатининг анъанавийроқ йўналишга ўтиш эҳтимолини оширади», дея тахмин қилган. Дарҳақиқат, Меҳмет Шимшек мамлакатда «оқилона» сиёсатни тиклашга ваъда берди. Иқтисодчилар ва инвесторларнинг фикрича, бунинг учун 22 июнда, эҳтимол ундан аввалроқ, бўлиб ўтиши кутилаётган марказий банк йиғилишида фоиз ставкаларининг кескин оширилиши талаб қилинади.

Марказий банк бошқарувчиси лавозими, шубҳасиз, Эрканнинг дипломатик маҳоратини ҳам синовдан ўтказади. Турк, инглиз ва немис тилида сўзлашувчи Эрканнинг зиммасида Туркия сиёсатини нисбатан барқарор йўналишга солиш, хорижий инвесторлар ишончини қайта қозониш, шу билан бир пайтда, анъанавий иқтисодий сиёсатга нисбатан тоқатсиз бўлган амалдаги давлат раҳбарини рози қилиш вазифаси турибди.

«Менинг назаримда, Эрканнинг вазифаси ҳам қийин, ҳам осон», дейди Марказий банкнинг собиқ бош иқтисодчиси Ҳакан Кара. «Қийинлиги шундаки, у юқори инфляцияни мерос қилиб олди ва вазиятни юмшатиш учун самарасиз қоидалар тўпламига эга. Осонлиги шундаки, ўзидан олдинги раҳбарга нисбатан ишонч ноодатий даражада паст бўлганлиги ҳисобга олинса, у ҳатто Марказий банк бошқарувининг энг элементар тамойилларига асосланган ҳолда ҳам бозор кайфиятини жуда тез яхшилашга эришиши мумкин».

Teneo консалтинг компанияси вакили Волфанго Пикколининг сўзларига кўра, Эркан «кўп йиллик нотўғри бошқарув, тозалашлар ва ишдан олишлардан кейин [Марказий банкни] қайта қуришига тўғри келади». «Бошқа асосий институтлар сингари, [банк] ўз мустақиллигини йўқотди ва Эрдоғаннинг ҳокимиятни марказлаштиришга бўлган интилиши ортидан таназзулга юз тутди».

Истанбулдаги Коч университетининг иқтисод профессори Селва Демиралп CNBC’га берган интервьюсида Эрканнинг Принстонда таҳсил олганлиги ва «АҚШ банк секторида орттирган юқори даражадаги тажрибасини» ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқарувида анъанавий сиёсатга қайтилишига ишонч билдирган. Демиралпнинг қайд этишича, бу Марказий банкнинг қай даражада мустақил бўла олишига боғлиқ бўлиб, яқин икки кунларда кутилаётган фоиз ставкаси бўйича банк қарори барчасига ойдинлик киритиши мумкин.

Демиралп Марказий банкнинг мазкур йиғилишида фоиз ставкасининг оширилишини кутмоқда: «Ставканинг тахминан 25 фоиз ёки ундан юқори даражада ошириш — бошланишига яхши қадам бўлиши мумкин», дейди у.

BlueBay Asset Management компаниясининг ривожланаётган бозорлар бўйича юқори даражали суверен стратеги Тимоти Эшнинг таъкидлашича, Эрканнинг марказий банк раҳбари этиб тайинланишидан «бозорлар икки карра мамнун бўлади». Унинг сўзларига кўра, Эркан ва Шимшек «биринчи рақамли жамоа» бўлади.