First Republic Bank банкида раҳбарлик лавозимларида ишлаган Ҳафизе Эркан Туркия Марказий банкининг янги раҳбари этиб тайинланди. Ҳафизе Эркан бу лавозимдаги биринчи аёл раҳбар бўлди деб хабар берди Anadolu агентлиги.

Эркан мамлакат Марказий банкига 2019 йилдан бери раҳбар этиб тайинлаган бешинчи одам ҳисобланади. Financial Times нашрининг ёзишича, АҚШ собиқ банкирининг Туркия Марказий банки раҳбари этиб тайинланиши яшаш нархини инқироз даражасига олиб келган ва лира курсини рекорд даражада пасайтирган ноанъанавий сиёсат ўзгарганининг сўнгги белгиси ҳисобланади.

Ҳафизе Эркан Эрдоғаннинг буйруғи билан фоиз ставкаларини кескин пасайтирган Шаҳап Кавжиўғлининг ўрнини эгаллайди. Кавжиўғлининг ўзи эса Туркиянинг Банклар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш агентлиги раҳбари бўлади.

Шаҳап Кавжиўғлининг Марказий банк раиси сифатидаги фаолияти давомида мамлакатда лира курсининг қулаши ва инфляциянинг 85 фоиздан ошиб кетиши кузатилган.

Маълумот ўрнида, Ҳафизе Эркан Туркиянинг Боғозичи университетини тамомлаган, кейинчалик АҚШнинг Принстон университетида ўқишини давом эттирган. Эркан ўзининг профессионал фаолиятини Goldman Sachs’да бошлаган, кейинчалик First Republic Bank банкига ўтган ва у ерда вице-президент лавозимида ишлаган.