Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида фермер хўжалиги раҳбари жами 620 гектар ерни 400 минг долларга мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бермоқчи бўлди.

ДХХ хабарига кўра, у сотмоқчи бўлган ер ўзининг фермер хўжалигига тегишли, қолган қисми эса ўзига алоқаси бўлмаган 3 та фермер хўжалиги майдони бўлган. У келишилган пулнинг олдиндан 200 минг долларини ўз қариндоши орқали олган вақтида ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

ДХХ Самарқанд вилоятида ҳам ер майдонини ноқонуний сотган фуқароларни аниқлади. Ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё туманидаги фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг 1,5 гектар ер майдонини иссиқхона ташкил қилмоқчи бўлган фуқарога 120 минг долларга сотишга келишган. Бунинг учун олдиндан 60 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Бошқа ҳолатда эса Urgut Savdo Kompleksi МЧЖда ишловчи шахс ўзганинг ишончига кириб, унга мазкур савдо комплекси ҳудудидан 60 квадрат метр ер майдони олиб бериш учун 40 минг доллар талаб қилган. Олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланган.

Наманганда кузатилган ҳолатда эса вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш ва мувофиқлаштириш дирекциясининг туманлардан биридаги масъул ходими ўзи кичик саноат зонасининг 80 сотих ерини тадбиркорга олиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун фуқародан 300 млн сўм олган вақтида ДХХ томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.