Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов «Дарё»га берган интервьюсида давлатга тегишли бўлган мулклар ёпиқ қарорлар асосида сотиб юборилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга жавоб қайтарди.

«Бизда ёпиқ сотиш ёки бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Ҳаммасининг ҳуқуқий асоси бор. Айрим ҳолларда биз мана шу қонунларга амал қилишга мажбурмиз. Қонун бор. Масалан, масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига асосан улушнинг бир қисмини савдога чиқараётганимизда иккинчи улушдорнинг баҳоланган қийматда сотиб олишга розилиги борми ёки йўқми деган сўровни амалга оширишга қонун бизни мажбурлайди. Шундай ҳолатларда биз уни очиқ савдога чиқаришдан олдин иккинчи ёки бир нечта бўлса, бир нечта таъсисчиларга таклиф қилишга мажбур бўламиз. Баъзида шуни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари бор», — деди у.

Акмалхон Ортиқов, шунингдек, агентлик мулкни ушлаб туришдан манфаатдор эмаслигини қўшимча қилди.

«[Мулк] узоқ муддат аукцион савдосида сотилмай туради, йиллаб давомида сотилмай турганидан кейин [нархни туширишга] мажбурмиз, ҳозирда 50 фоизгача нархини тушириш механизмимиз бор. Янги қароримизда 10 фоизгача нархни тушириш мумкин бўляпти. Чунки биз уни ушлаб туришдан манфаатдор эмасмиз. Тезроқ тадбиркорларга етказиб беришдан манфаатдормиз», — дея таъкидлади Давактив директори.

Анонсларсиз хусусийлаштиришлар

«Газета.uz» аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, Perfectum мобил оператори ва Uzpaynet тўлов хизматининг анонсларсиз хусусийлаштирилгани ҳақида хабар берганди.

Жумладан, апрель ойи сўнгида жамоатчилик Paynet тўлов хизматини бошқарувчи Uzpaynet компанияси таъсисчиси ўзгарганидан хабар топди. Давлат активларини бошқариш агентлиги балансидаги 100 фоиз давлат улуши New Industrial Technologies`га ўтказилди. Компания эгаси ўзгариши ҳақида ноябрь ойида маълумотлар пайдо бўлганига қарамай, Давактив улуш сотилгани бўйича расман хабар бермаган.

Март ойи бошида Данияр Камиловга (собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камиловнинг ўғли) тегишли Petroleum Technology Group компанияси (устав капитали — 100 млн сўм) Ўзбекистондаги энг йирик ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг (устав капитали — 265 млрд сўм) эгасига айлангани хабар қилинганди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳозирча битим тафсилотларини маълум қилганича йўқ (UNG Petro қачон қанча сумма ва қандай шартлар асосида хусусийлаштирилгани маълум эмас). Аввалроқ «Газета.uz» Давактив матбуот хизмати билан боғлана олмаётгани ҳақида ёзганди. Ungpetro.uz сайти ўз фаолиятини тўхтатган, ижтимоий тармоқлардаги охирги пости эса январь ойи бошида эълон қилинган.

2022 йил охирида UNG Petro 69 та бензин қуйиш шохобчаси, 6 та газ қуйиш шохобчаси ва 2 та газ тўлдириш компрессор шохобчасига (жами 77 та ёнилғи қуйиш шохобчаси) эгалик қиларди. Хусусийлаштириш режалари эълон қилинган 2023 йилнинг май ойида UNG Petro`нинг 78 та шохобчаси борлиги қайд этилган.

Аввалроқ «Газета.uz» очиқ маълумотлар асосида хусусийлаштирилган тармоқнинг тахминий миқдорини ҳисоблаб чиққанди. Унга кўра, Petroleum Technology Group томонидан хусусийлаштирилган «Ўзбекнефтгаз»нинг 80 та ёнилғи қуйиш шохобчасининг нархи камида 100 млн доллар бўлиши мумкин.

Бунинг ортидан Данияр Камиловнинг компанияси Чиноз нефтни қайта ишлаш заводининг ҳам эгасига айланганди. Жамоатчилик бу ҳақда Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотлар орқали хабар топган. Корхона аввал тўлиқ «Ўзбекнефтгаз» давлат компаниясига тегишли эди. Spot`нинг ёзишича, 2016 йил август ойида ишга туширилган Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи йилига 117 минг тоннагача нефтни бензин, керосин, дизель ёнилғиси, мазут ва мой қилиб қайта ишлаш қувватига эга. Агентлик заводни 2022 йил ноябрь ойида хусусийлаштиришга қўйганди.

Март ойида, шунингдек, Perfectum мобил оператори ҳам хусусийлаштирилгани маълум бўлди. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, уяли алоқа операторининг эгаси ўзгариб қолганига таҳлилчи Тимурмалик Элмурадов эътибор қаратган.

2020 йилда Perfectum`даги давлат улушини хусусийлаштириш режалари маълум қилинган. Ўша пайтда компаниянинг 65 фоиз улуши давлатга, қолган қисми эса Amis Protrade International`га тегишли эди. Уяли алоқа операторининг улуши сотилиши ҳақидаги хабарлар очиқ манбаларда келтирилмаган. Spot бу бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига сўров юборганини қайд этганди.