Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво очиқ бўлади

Шанба куни фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, баъзи вилоятларда шамол тезлиги кучайиши кутилмоқда. 21 майда Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво очиқ ва қуёшли бўлади. Кундузги ҳарорат кўтарилиб, +31…+33 даражани ташкил этади.

Президент сайловини ўтказиш учун 174,1 млрд сўм ажратилди

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 млрд 130 млн сўм этиб тасдиқлади. Сиёсий партияларга жами 19 млрд 655 млн сўм, ҳар бир номзодга эса 4 млрд 914 млн сўмдан ажратилади.

Шавкат Мирзиёев жами 3,3 млрд долларлик 15 та лойиҳани ишга туширди

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, 3,3 млрд долларлик 15 та лойиҳани — автомобиль ва электромобиллар, металл маҳсулотлари, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва бошқа қувватларни ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берди. Шунингдек, у Хитой бизнеси вакиллари билан ҳам учрашди.

Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликни қисқартиришдаги 4 та асосий йўналиши маълум қилинди

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукуматнинг камбағалликка қарши курашишдаги асосий йўналишларини маълум қилди. Унга кўра, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, қишлоқларда тадбиркорликни яхшилаш, инфраструктурани ривожлантириш ҳамда урбанизацияни қўллаб-қувватлаш устувор йўналишлар ҳисобланади.

Суд Бош прокуратурадан Тажимуратовнинг қийноқлар ҳақидаги баёнотини текширишни сўради

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича апелляция судида асосий фигурант Даулетмурат Тажимуратов суддан Хоразм ҳуқуқ-тартибот идораларидан «Нукусда Ички ишлар вазирлигида қийноқлар бўлганми ёки йўқ?» саволига жавоб олишни сўради. Суд Бош прокуратурага ички экспертиза ўтказиш учун хат юборди.

Самарқандда кўриш қобилияти паст ўқувчи автобус уриб кетиши оқибатида вафот этди

Самарқанд шаҳрида «Нурли маскан» мактабининг 19 ёшли ўқувчиси Isuzu автобуси уриб кетиши сабабли орадан 2 кун ўтиб, шифохонада вафот этди. Уни уриб юборган автобус ҳайдовчиси 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

KfW Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евро кредит ажратиши мумкин

Германиянинг KfW банки Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евро ажратиши мумкин, деди Mangold Consulting компанияси раҳбари Кристоф Мангольд иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев билан учрашувда.

«Марказий Осиёда энергетик инфратузилманинг ривожланиши саноатлашув ва демографик ўсишдан ортда қолмоқда» — Ўзбекистон президенти

Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё-Хитой» саммитидаги нутқида 6 давлатнинг миллий ривожланиш стратегиясини боғлаш, «янги иқтисодий мулоқот»ни шакллантириш, ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва минтақа давлатларининг 2030 йилга бориб Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмини 2 баравар оширишни таклиф қилди.

Тошкентда айрим автобусларнинг ҳаракати ўзгаради

1 июндан бошлаб пойтахтда 50, 103, 105, 110-автобус йўналишларининг графиги ўзгаради. Шунингдек, 19 майдан 119-сонли автобус йўналишида энди ўта катта сиғимли, «King Long» русумли автобуслар ҳаракатлана бошлайди.

Диний қўмита Ўзбекистонда материаллари тарқатилиши тақиқланган саҳифалар рўйхатини эълон қилди

Дин ишлари бўйича қўмита экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, TikTok саҳифалар, сайтлар, китоблар ва нашидалар рўйхатини эълон қилди.

Ўзбекистонда ЕТТБ маблағлари асосида 15 та мактаб қурилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида 15 та мактаб қуриш бўйича келишувга эришди. Лойиҳанинг капитал қиймати 55−75 млн долларни ташкил этади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Ўзбекистонда депутатларни сайлашнинг янги тизимига ўтиш режалаштирилмоқда. Бу қандай бўлади?

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатларни сайлашнинг мажоритар-пропорционал (аралаш) тизимига ўтмоқда. Бу қандай тизим? Мазкур қарорга нима асос бўлди? Бу ўзгаришлар нимага олиб келади? «Газета.uz» шу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан суҳбатлашди.

«Йўлбарсюрак». Тўрт фарзандни ёлғиз тарбиялаётган қорақалпоқ аёли ҳикояси

У мўйноқлик. Меҳнаткаш. Улкан сабр-тоқат соҳиби. Тўрт боланинг онаси. Энди кичик бизнес эгаси ҳам — UNFPA’нинг тренингида қатнашгач, ўз уйида хостел фаолиятини йўлга қўйган. «Газета.uz» Муҳаббат Секербаеванинг ҳаётий ҳикоясини тақдим этади.