16 май куни Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича биринчи суд жараёнида 16 нафар маҳкумнинг берган апелляцияси, шунингдек, шартли равишда озодликдан маҳрум этилган 4 нафар шахсга нисбатан прокуратура протести кўриб чиқилди.

Шу куни тўрт нафар гувоҳ, жумладан, қорақалпоғистонлик икки адвокат ва 1 июль куни Нукус шаҳри марказида одамлар йиғилган жойда бўлган Prado автомашинаси ҳайдовчиси сўроқ қилинди. Бу ҳақда ишда иштирок этган асосий фигурант Даулетмурат Тажимуратов манфаатларини ҳимоя қилган Сергей Майоров «Газета.uz»га маълум қилди. Бу Жўқорғи Кенгеснинг [ўша пайтдаги] раҳбари Мурат Камаловнинг хизмат машинаси эди.

Сергей Майоров ҳайдовчидан ўша куни ким унга кечки пайт намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва махсус воситалар ишлатилган Жўқорғи Кенгес тарафга бориш буйруғини берганини сўради.

«Бу нега муҳим? Фикримизча, Жўқорғи Кенгес томон бориш куч тузилмаларини ҳаракатга келтирган. Бунга ҳожат йўқ эди. Аммо ҳайдовчи жуда қатъий гапирди: «Оломоннинг илтимосига кўра ҳайдаб кетаётган эдим. Оломон мени ўраб олиб: «Бу томонга кел», деб талаб қилди. Менинг бошқа томонга бурилишга имконим йўқ эди», — дея унинг сўзларини келтиради адвокат.

апелляция, нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Сергей Майоровнинг айтишича, суд ҳали сўроқ қилинмаган бошқа экспертларни таклиф қилмаслик масаласини кўтарган. «Мен эътироз билдирдим. Буни мутлақо нотўғри деб биламан. Менга эксперт хулосаларини берган барча экспертлар керак. Менимча, суд бунга рози бўлиб, уларни ҳам чақиришга ваъда берди», — деди у.

Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси, айни пайтда унинг ҳимоячиси сифатида иштирок этган Ринат Тажимуратовнинг айтишича, унинг акаси Хоразм вилояти Давлат хавфсизлик хизматига «Нукусда Ички ишлар вазирлигида қийноқлар бўлганми ёки йўқми?» деган саволга жавоб олиш учун ариза берган.

Судланувчи 4 июль куни Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги биносининг учинчи қаватида у «қийноққа солингани ва дубинка билан калтаклангани», кейин эса «ҳеч қандай буйруқсиз вертолётда Хоразмдаги ДХХ тергов изоляторига олиб кетилганини» айтган.

«Қийноқларни тасдиқлаш учун Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси томонидан тана жароҳатлари акс этган видео тасвирга олиниб, далолатнома тузилган. Сўровга кўра исталган вақтда ҳужжатларни тақдим қилишлари мумкинлиги айтилган. Биринчи инстанция суди Даулетмурат Тожимуратовнинг тергов изоляторида сақланаётган вақтидаги далолатнома ва видеоларни тақдим этиш учун хат юборган, афсуски, орадан беш ой ўтган бўлса-да, ҳанузгача жавоб берилмади», — деди Ринат Тажимуратов.

Мурожжатда Қорақалпоғистон Конституциясининг 23-моддаси эслатиб ўтилган, унга кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. 24-моддага кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Худди шундай нормалар Ўзбекистон Конституциясининг аввалги таҳрирдаги 25 ва 26-моддаларида (янгиланган таҳрирда — 26 ва 27-моддаларида), шунингдек, БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактининг 5 ва 9-моддаларида ҳам мавжуд.

«Ишда кўрсатилган ҳибсга олиш ордери унинг Хоразм Давлат хавфсизлик хизмати тергов изоляторига келган сана ва вақтига тўғри келмайди. Даулетмурат бу фикрларга ойдинлик киритмоқчи эди», — дейди Ринат Тажимуратов.

Судья сўровни қаноатлантирди ва ички экспертиза ўтказиш учун Бош прокуратурага хат юборди, деди у.

апелляция, нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Судья Асқар Бекмонов қарори билан навбатдаги суд мажлиси 23 май куни бўлиб ўтади.