13 май куни тушдан сўнг Самарқанд шаҳрида 59-сонли «Нурли маскан» мактабининг 19 ёшли ўқувчисини автобус уриб кетиб, вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Кўриш билан боғлиқ муаммоси бор бола «Рудакий» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Беруний-Гагарин» йўналишидаги автомобиль йўлидан ўтаётган бўлган. Шу вақтда Isuzu автобуси ҳайдовчиси уни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.

Оқибатда тан жароҳати олган пиёда шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, 15 май куни шифохонада вафот этган.

Самарқанд ИИБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, марҳум ўқиган мактаб ёнида овозли светофор мавжуд. ЙТҲ эса бошқа ҳудудда рўй берган.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов кетмоқда. Агар ҳайдовчи айбдор деб топиладиган бўлса, у муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Аввалроқ, президент қарорига асосан, йил якунига қадар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгилари ўрнатилиши айтилганди.