Ўзбекистон Дин ишлар бўйича қўмитаси ️Олий суд томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган мамлакатга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхатини эълон қилди.

Қайд этилишича, сўнги вақтларда турли экстремистик ва террористик ташкилотларнинг медиамарказлари томонидан тайёрланган тарғибот материаллари интернет тармоқларида кенг тарқатилмоқда.

«Бу эса, ўз навбатида, нафақат юртимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида бу каби маълумотларни аҳоли орасида тарқалишини олдини олишга, уларни ижтимоий тармоқларда аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича механизмлар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда», — дейилади қўмита хабарида.

Ўтган даврлар мобайнида АҚШда 68 та, Россияда 47 та, Буюк Британия 78 та ва Туркияда 15 та экстремистик ва террористик ташкилотларнинг фаолияти тақиқланган. Шунингдек, Россияда 5342 та, Қозоғистонда 1133 та, Қирғизистонда 167 та ва Тожикистонда 2417 та радикал контентлар суд томонидан тақиқланган.

Қўмита Ўзбекистонда ҳам экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларни фаолиятига чек қўйиш юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда интернет тармоғидаги радикал диний мазмундаги контентлар аниқланганини қайд этди. Олий суд қарори билан улар экстремистик ва террористик материаллар деб топилди.

2023 йил 17 май ҳолатига кўра

Шу билан бирга, диний мазмундаги қуйидаги ғоялар акс этган материаллар тегишли қонун ҳужжатларига кўра Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш ва тарқатилишига йўл қўйилмайди:

  • жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёки бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёхуд ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
  • Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
  • уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек диний экстремизм ва сепаратизм ғояларини тарғиб этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
  • диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
  • диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
  • фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
  • давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш.

дин ишлари бўйича қўмита

«Кези келганда, сизлардан, шубҳали диний мазмундаги аудио, видео ва бошқа турдаги медиа маҳсулотларни интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидан юклаб олмаслик ва тарқатмасликни сўраб қоламиз», — дейилади қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойида Техника университети 4-курс талабаси Сардор Раҳмонқулов диний қўшиқларни танишлари орасида тарқатгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилганди. Диний қўмита хулосасига кўра, ақидапарастлик ғоясига асосланган ушбу нашидани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланади.

Март ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 22 ёшли талаба Сардор Раҳмонқуловга нисбатан жазони шартли жазо билан алмаштириб, уни синов муддати билан озод қилган.

Шунингдек, майда YouTube`даги нашидани Telegram-гуруҳга юборган 21 ёшли йигит 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Дин ишлари бўйича қўмита нашидада ақидапарастлик ғоялари борлигини маълум қилган.

Бироқ воқеа ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди. Аксарият фуқаролар унга нисбатан тайинланган жазони ўта оғир ва адолатсиз деб ҳисоблади.

Орадан вақт ўтиб, Тошкент вилояти ИИББ 21 ёшли йигит нашида учун 3 йилга қамалгани бўйича айтилаётган айрим фикрлар нохолислиги, тергов идоралари ишни тўғри малакалаганини билдирди. У Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террор ташкилоти маърузаларини тинглаб, уларнинг ғоявий таъсирига тушган, дейилганди хабарда.