«Газета.uz» БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилувчи, кичик, бироқ мўжазгина тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар ҳақида ҳикоя қилади. Биринчи қаҳрамонимиз — Мўйноқ туманида ўзининг яшаш хонадонида хостел ташкил қилган Муҳаббат Секербаева.

У 2022 йилда «Оролбўйи ҳудудининг яхши ҳимояланмаган ҳамжамиятларидаги иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун ёшлар ва заиф аҳолининг мослашув салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали ижодий ва инновацион имкониятларини ривожлантириш» қўшма лойиҳаси доирасида қўллаб-қувватланган.

Лойиҳа Қорақалпоғистоннинг учта шимолий ҳудудлари бўлмиш Мўйноқ, Боўзатов ва Қўнғирод туманларида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди томонидан молиялаштирилган ва БМТТД, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида UNFPA Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ушбу туманлардаги аёлларни ишбилармонликка ўқитди. Маълумот учун, 2021 йилда Қўнғирот (45), Бўзатов (31) ва Мўйноқ (34) туманларидан жами 110 киши, 2022 йилда эса 255 (мос равишда 92, 81, 82) киши махсус тренингларда иштирок этган.

Муҳаббат Секербаева лойиҳа доирасида ўтган йилнинг апрелида Нукус шаҳрида ўтказилган тренингларда қатнашиб, ўзининг ҳар томонлама билимини оширган. Унга лойиҳа ташаббускорлари томонидан тўрт кишига мўлжалланган хостел ташкил қилишга етарли барча ускуна ва техникалар грант асосида олиб берилган.

Суҳбатдошимиз ҳозир 37 ёшда, 33 ёшидан бери эридан алоҳида яшаб, Мўйноқдаги «Кемалар қабристонига» яқин ҳудудда (16, 15, 13 ва 8 ёшли) уч қиз ва бир ўғил фарзандини тарбияламоқда.

мўйноқ, муҳаббат секербаева, хостел, қорақалпоғистон республикаси

Ҳаётининг оғир йиллари ҳақида

— Ўзим Нукус туманида дунёга келганман. 2-синфда ўқиб юрган пайтимда онам касалликдан вафот этди, шу сабабли дадам билан иккаламиз Мўйноққа, аммамни уйига кўчиб келдик. Кейин дадам бошқа аёлга уйланди, лекин у ҳам кўп яшамади, орадан 2 йил ўтиб, 4-синфда ўқиётганимда вафот этди. Шунинг учун аммамни қўлида тарбияландим.

Мактабни тамомлаб, коллежга ўқишга кирдим. 1 курслигимда аммам Қозоғистонга кўчадиган бўлиб қолди. Ҳам ўтиш даври, ҳам дугоналаримни ташлаб кетолмаганим учун ҳам Мўйноқдаги бошқа қариндошларимникида қолишга қарор қилдим. 1 курсни тугатар-тугатмас, 18 ёшимда турмушга чиқдим.

Турмуш ўртоғим билан 15 йил бирга яшадик. У кўп ичар, карта ўйнаб, бор-будимизни ютқазиб қўйди. Камига калтагини ҳам ер эдик. Ўзимни топганимни ҳам ҳар жойга қўйиб, яшириб юришга мажбур бўлардим, чунки болаларимни боқишим керак эди. Ҳозир 4 йилдан бери бирга яшамаймиз, фақат қоғоздагина эр-хотинмиз. Алимент тўламайди, болларидан ҳам хабар олмайди. Ҳозирда алиментни ўзидан 60 млн қарзи бор.

мўйноқ, муҳаббат секербаева, хостел, қорақалпоғистон республикаси

Эрим билан ажрашиш вақтида жуда қийналдик. Ҳаттоки стрессга тушиб қолдим. Ўзимга ўзим: «болаларимни қандай қилиб боқаман?» деган ўй тинчлик бермас эди. Ўша вақтларда маҳаллада аёллар билан ишлайдиган Жумабийке опа анча далда бўлди, «сен кучлисан, орқага чекинма, нима иш бўлса қилавер» деб турди. Шу опа оёққа туришимда, ўзимга ишончим ортишида анча ёрдам берди.

«Юраги йўлбарсникидек»

— Мен ўзимни «йўлбарснинг юрагини еган аёл» деб айта оламан. Эрим билан ажралишиб ҳам тинчимадик. Эрим йўқ вақтда ҳам ичиб келиб эшигимни тақиллатарди. Эшикни очмаганимиз учун бошқа одамларни олиб келиб, эшикни очтиришга уринган вақтлар ҳам бўлди.

Бегона эркаклар билан келиб, тинчимни бузавергач, бир куни ўқлов билан ўша келган эркакни бошига урдим. Эрим ортидан киргач, уни ҳам калтакладим. Ҳар жанжал вақтида қўшниларим югириб чиқар, лекин аралашолмас, ёрдам ҳам бермас эди. Бир куни ён қўшним «эрига бор ёрдам бер, Муҳаббат уларни ўлдириб қўяди» деганида уни эри «Йўқ, менга ҳам ташланиб кетади, бормайман» деб жавоб берганини айтиб қолди. Ҳозир эса ҳеч ким эшигимга яқинлашолмайди, ўзимни, қизларимни бемалол ҳимоя қила оламан.

Илгари Мўйноқни асосий кўчаси, «Агробанк» рўпарасида яшардик. Уйимиз сносга тушди, ҳокимиятдагилар уни 140 млн сўмга баҳолашди. Ўша вақтларда эрим билан уршиб юрган кезларимиз эди. Бир куни банкдан эрингиз пулларни олиб кетди деб, қўнғироқ қилишди. У икки сумкага пулларни солиб, қочиб кетаётганида «домком» билан ушлаб олганмиз. Айни ўша вақтда уйни бузаётган эдик. Икки орада ҳам уйсиз, ҳам пулсиз қолишимга сал қолди.

мўйноқ, муҳаббат секербаева, хостел, қорақалпоғистон республикаси

Бормаган жойим, очмаган эшигим қолмади. Ҳокимият дейсизми, прокуратура дейсизми, ҳеч ким ёрдам қилмади. 4 фарзанд билан қаерга бораман, опа-укам бўлмаса, кўчада қолиб кетаманми деган фикр ўтди. Шунда яна маҳалла фаоли Жумабийке опани ёрдами тегди. У ҳам бир уйни олиб бериб, кейин бузинглар деб туриб олди. Шу билан ҳозир яшаётган уйимизни 90 млн сўмга олиб берди. Эрим қолган пулларни олди, бизга бир тийин ҳам қолдирмади. Унга давлат томонидан компенсация эвазига берилган ер ва 45 млн сўм тегди.

Ҳаётда кўрмаган қийинчиликларим қолмади. 33 ёшимдан бери эрим билан яшамайман. Шунча воқеалардан кейин ўтмишимни ортга ташлаб, фарзандларимнинг келажаги учун ҳаракат қилишга тушдим. Бу орада қизларим ҳам улғайиб, ёрдамчи бўлиб қолишди.

«Фарзандларимни боқаман деб, қилмаган ишим қолмади»

— Болаларимни боқиш ўзимга қолган пайтларда янги уйлар қурилаётганди. Уларда эса асосан катта лавозимда ишловчи одамлар яшарди. Ўша уйларни тозалардим, эвазига айримлар пул, баъзилар эса озиқ-овқат беришарди. Кўчаларни тозалаган, қарияларга қараган вақтларим ҳам бўлди. Бошида кўча тозалашга чиққанимда юзимни ёпиб, қўлқоп кийиб олардим, кейинчалик «мен ҳалол меҳнат қилиб, болаларимни боқаяпманку» деб, қилаётган ишимдан уялмайдиган бўлдим. Ундан кейин эса йўл юзидаги масжидни тозалашга ўтдим. Аввалига ишим юришмаганлиги сабабли фақат савоб учун тозалардим. Кейинчалик имом билан суҳбатда қийналиб қолганимни айтдим, у чой пулингни қилиб берамиз деди. Ҳозир ҳам шу ерда ишлайман. Рўза вақтларида тунги 11:00 гача қолиб, меҳнат қилдим.

мўйноқ, муҳаббат секербаева, хостел, қорақалпоғистон республикаси

Бундан ташқари, «домком» ҳужжатларни тўлдиртирарди. Яна туман Ички ишлар бўлими, ҳоким ёрдамчисининг ҳужжатларида қарашдим, компьютерда ҳам тўлдириб бериб турдим. Шуни эвазига рўзғоримга етадиган пулимни беришарди.

«Лойиҳа ҳаётимни яхши томонга буриб юборди»

— Лойиҳа ҳақида маҳалла ва ҳокимиятдан эшитиб қолдим. Аввалига ҳокимиятдан суҳбатдан ўтасиз, кейин Нукусга бориб ўқийсиз дейишди. 6 киши онлайн суҳбатдан ўтдик, психологик савол-жавоб бўлди. Ўшанда лойиҳа тренери Санжар ака «суҳбатдат ўтдингиз, Нукусга ўқишга кела оласизми?» деб қолди, «албатта» деб жавоб бердим.

Шундай қилиб 2022 йилнинг апрель ойида ўқиш бошланиб кетди. Тренинглар вақтида бизни Санжар ака ва Муҳаббат опа ўқитди. У ерда муваффақиятли аёл қандай бўлиши, зўравонлик, гендер тенглиги нима эканлигини билиб олдик. Менга энг ёққани «Муваффақиятга эришган аёл» мавзуси бўлди. Қолаверса, ўзимининг ҳақ-ҳуқуқларимиз, зўравонлик турлари ва у билан қандай курашиш зарурлигини ўрганиб олдик.

У ерда энг эсда қолгани — ўз олдимизга мақсад қўйиш эди. Бунгача ўз олдимга мақсад қўйиб яшамаган эканман. Ўз орзуимни мақсадга айлантириб, унга эришиш йўлида курашиш, ортга чекинмаслик, охиригача ҳаракат қилишни ўргандик. Якунда биздан қўлингиздан нима иш келади деб сўрашди. Мен тикувчилик ҳам қилиб тураман, кўйлак, кўрпача, эркакларни кийимларини қўлдан келганча тикиб бераман дедим.

Ўзи Мўйноқдан боришимда тикувчиликни айтаман деб ҳаёл қилгандим. Лекин тренингдан кейин ҳамма режаларим ўзгариб кетди. У ерда кўпчилик одамларда тикувчилик ғояси бўлгани учун бошқа ишни танлашни ўйладим. Уйимиз Мўйноқдаги маёққа яқинлиги ва туристлар кўп келгани учун уйда меҳмонхона очиш ғояси келиб қолди.

1 ҳафталик тренингдан сўнг биз — фасилитатор (гуруҳлар фаолиятини муваффақиятли бошқарувчи шахс) номини олдик. Кейин бизга Мўйноқ туманида яшовчи, ишсиз, уй бекаси, зўравонликка учраган аёлларни олиб келиб, ўқитишимизни айтди. «Бизлар сизларни қандай ўқитган бўлсак, сизлар ҳам шундай уларга ёрдам берасизлар» деди.

Аввалига қўрқув пайдо бўлди, кейин Муҳаббат опанинг «Олдингизга қўйган мақсадингиз томон ҳаракат қилиш, унга эришишга интилинг» деган гаплари куч бериб, ишни бошладик. Мўйноқдан 45 нафар аёлни йиғиб, Нукусга олиб бордик. Уларга аввалига, ўзимиз ўрганган нарсаларни ўргатдик. Биринчи бор чиқиб, уларни олдида гапирганимда ҳаяжон босди, кейин ўзимни қўлга олиб, билганимизда аёлларни ўқитдик. Шу орада эркин гапиришни ҳам ўрганиб олдик.

Лойиҳа охирига етганда, бизга бизнес режа тузишни айтишди. Грант сифатида 10 млн сўмдан кўп бўлмаган маблағ берилади дейишди. Мен 10 млн сўм билан ҳеч нарса бошлай олмайман, ўзимда шароит йўқ дедим. Шунда ҳам ўзимга ўзим «ҳаракат қилиб кўраман, ютмасам афсусланмайман, лекин орқага қайтиш йўқ», дедим.

Санжар ака билан масҳалатлашиб, иккита хона учун 2та телевизор, 2та музлаткич, 2та кондицонер, 2та уголок, 4та кароват сўрадим. Бироз вақтдан кейин шу нарсаларим келди. Бундан ҳурсанд бўлиб, шу ҳаракатларни бошлаб юбордик. Санжар ака ва Муҳаббат опадан жуда ҳам миннатдорман, улар кўп мотивация берди, «ҳаётдан тўйиб кетган инсон»га ундан лаззатланиб яшашни ўргатишди.

Ҳозиргача 6 марта меҳмонларга хизмат кўрсатдим. Бошида икки нафар талабани қабул қилдик. Кейинчалик уларни сони кўпая бошлади. Ҳаммаси яхши, ишларимиз ёмон эмас. Бегона одамлар бўлса ҳам, қизлар ёнимда бўлгани учун қўрқмаяпмиз. Мўйноқда уйини меҳмонхона қилган синглим бор. Ўзида одам кўпайиб кетса, сизга керак эмасми деб у ҳам қарашиб туради.

Агар тушлик бўлмаса, бир кечага одам бошига 20 минг сўмдан олаяпмиз. Нонуштага тухум, сосиска қовуриб меҳмон кутсак, 70−80 минг сўмдан бўлади. Айримлар кафеларда овқатланади ёки ўзи билан олиб келади, айримлар эса нимадур тайёрлаб беришни сўрайди. Қўлдан келганча барча истакларини бажариб келяпмиз. Келажакда фаолиятимни кенгайтирсам, ривожлантирсам деган режаларим бор.

Шунинг ортидан мен ҳам ўз бизнесимни бошлаб юбордим (кулиб қўяди суҳбатдош).

мўйноқ, муҳаббат секербаева, хостел, қорақалпоғистон республикаси

2 йилдан бери Мўйноқда Стихия фестивали бўлиб ўтади. Бу байрамга кўплаб туристлар келишади, уларга тунашга жой керак. Ўтган йили келишганида ҳам уй тополмай юрганлар кўп бўлди. Янги қурилган кўп қаватли уйдагилар қиммат нархга ижарага беришди, ҳаттоки, уйида шароити йўқлар ҳам одам қўйди. Шунда ҳам кўплар кўчада тунашга мажбур бўлишди. Бу ҳам фаолиятимни бошлашга туртки бўлди. Бу йил Стихия бўлади деб кутаётгандик, афсус Бухорога кўчилибди.

Энди мижозларни топишда интернетдан фойдаланишни ҳам режалаштиряпмиз. Ҳозирча секторга, маҳаллага, яқин атрофдаги кафеларга жой сўраб келганларни юборишларини илтимос қилганман. Бизда кўпчилик кафелардан тунашга жой сўрайди-да.

Очиғи, бу лойиҳа сабаб ҳаётим яхши томонга бурилганлигини сезаман. Ҳозир йўқчилик бўлмаяпти, Аллоҳга шукур. Бир-икки меҳмон келса, болаларимни овқати, кийими, коммунал тўпламлари харажати чиқади. Одамлар келсаям, ҳаммаси ўзи билан ўзи, биз билан иши йўқ. Аёллар ҳам, эркаклар ҳам келади. Ўзимча, тўғри иш бошлаяпман деб ўйлайман.

«Энг катта орзуим — қизларимни ўқитиш»

мўйноқ, муҳаббат секербаева, хостел, қорақалпоғистон республикаси

— Ёшлигимда ўзим спортга яъни воллейболлга қизиққанман. Аммо ўзингни ота-онанг бўлмаса орзуларинг ҳам пуч ёнғоққа айланиб қолар экан. Шу сабабли ҳам мен учун ҳозир биринчи ўриндаги масала ва энг катта орзуим қизларимни ўқитиш. Шуларни мақсадларига етиштирсам, орзулари амалга ошса, армоним қолмайди.

Фарзандларимга: «Сизлар ўқинг, ўз билимингиз билан ўқишга киринг, шунда менга ўхшаб ҳаётда қийналиб қолмайсиз», — деб айтаман.

Тўнғич фарзандим Нукус олимпия захиралари коллежида 2 курсда ўқийди, тренер бўламан дейди. Ҳозир тренерликка ўқитяпман. Иккинчи фарзандим Мўйноқдаги мактабнинг 10-синфида ўқийди, туман ичида воллейбол чемпионатига чиқяпти. Учинчиси эса шу мактабда фақат 5 баҳога ўқийди, президент мактабига топшириб кўрди, лекин ўтолмади. Университетга кираман деб олдига мақсад қўйган. Кичигим — ўғлим 1 синфда ўқияпти.

Фарзандларим ўқисаю, бир касбнинг бошини тутса дейман.

Очиғини айтсам, менга ҳозир ҳам ёрдам зарар қилмайди. Ҳоким ёрдамчисига ҳам, сектор раҳбарларига ҳам айтдим. «Темир дафтар»да пайтим ҳам кўп мурожаат қилдим. Кичкина уйимни таъмирлашга ёрдам керак. Киравериш қисмининг деворлари ёғочдан қилинган. Шуни ғишт билан тузатиб, ойналарини янгилаб олишим керак. Ҳожатхона ҳам бир аҳволда. Бундан ортиғи керак ҳам эмас. Қолган камчиликларимни ўзим бир амаллаб тўлдириб оламан.