Германиянинг KfW давлат банки Ўзбекистонга бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион евро миқдорида кредит ажратиши мумкин, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

17 май куни иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев ва Mangold Consulting компанияси раиси Кристоф Мангольд ўртасида бўлиб ўтган учрашувда бугунги кунда Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасидаги геосиёсий вазият туфайли таъминот занжирларида узилишлар кузатилаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан қўшма ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ логистика билан боғлиқ нархларни анализ қилган ҳолда муаммони бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, транспорт логистикасини ривожлантириш, иқтисодиётни юмшатиш чора тадбирларини шакллантириш ҳамда Германиянинг касбга тайёрлаш тизимини бой тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини Германиянинг етакчи корхоналарида малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Кристоф Мангольд Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион евро миқдорида кредит ажратишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

«Газета.uz» нашри йил бошидан 13 январга қадар давлат бюджети харажатлари даромадлардан 2,3 баробар ошиб кетгани, бунинг оқибатида тақчиллик 5,5 триллион сўмга етганини хабар қилганди. Бу 2023 йилга режалаштирилган умумий дефицитнинг бешдан бир қисмидан (25,1 триллион сўм) кўпроқ, шунингдек, 2021 йилнинг шу даврига (20,4 баравар — 2020 йил) нисбатан 17,4 баробарга кўпдир. Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бюджет харажатлари ва даромадлари тўғрисидаги кунлик ҳисоботни эълон қилиш тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2022 йилнинг 9 ойида 26,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, тўртинчи чоракда яна 3 миллиард долларга ошиб, 29,2 миллиард долларга етган.