2023 йил 19 май куни Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловига бағишланган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этди.

Мажлисда муддатидан илгари президент сайловига тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланди.

Таъкидланишича, 2019 йилда вакиллик органлари сайловида давлат бюджетидан ажратилган умумий маблағларнинг 19,8 фоизи, 2021 йилдаги президентлик сайловида 26 фоизи ва жорий йилда бўлиб ўтган референдумда 13,5 фоиз бюджет маблағлари иқтисод қилинган.

Марказий сайлов комиссияси Сайлов кодекси талабларига риоя қилган ҳолда муддатидан илгари президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 миллиард 130 миллион сўм миқдорида ишлаб чиқди. Қайд этилишича, мазкур маблағ аввалги президентлик сайлови учун ажратилган маблағдан 41 фоизга кам.

Йиғилишда умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга 19 млрд 655 млн сўм ёки сайловни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг 11 фоизи миқдорида ажратилиши таъкидланди. Бунда, ҳар бир номзодга 4 млрд 914 млн сўмдан тўғри келмоқда.

Харажатлар сметасига кўра маблағларнинг деярли 82 фоизи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш учун ажратилмоқда. Ушбу маблағларнинг 76 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари (аъзоларнинг аксарият қисми ўқитувчи, шифокор, фаол фуқаролар таркибидан шакллантирилган) меҳнати учун тўлаб бериладиган компенсация тўловлари учун сарфланиши учун режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги президент сайлови харажатлар сметаси 300 млрд сўм этиб тасдиқланганди. Унга кўра, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса — 3 млрд сўмдан ажратилганди. Бундан ташқари аввалги сайлов жараёнида коронавирусга қарши кураш учун 11,5 млрд сўм сарфланган.