Ўзбекистонда халқаро стандартлар асосида 15 та мактаб қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ўзаро келишувга эришилди, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилишида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ЕТТБ ўртасида 3 томонлама шартнома имзоланди.

Ҳамкорлик доирасида республика ҳудудларида босқичма-босқич давлат-хусусий шериклик асосида янги давлат умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши, уларга хусусий шериклар томонидан хизмат кўрсатилиши ва таъмирланиши белгиланган. Бугунги кунда фаолият юритаётган давлат умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Жараённинг дастлабки босқичи сифатида ЕТТБ мутахассислари томонидан грант олиш ва маслаҳатчиларни ёллаш бўйича ички таҳлиллар ўтказилди. Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 15 та мактаб лойиҳага қамраб олинди. Лойиҳанинг капитал қиймати 55−75 миллион долларни ташкил этади.