Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришда мажоритар-пропорционал (аралаш) сайлов тизимига ўтиш режалаштирилмоқда. Ўзгартиришлар янги таҳрирдаги Конституцияни амалга тадбиқ қилиш тўғрисида яқинда қабул қилинган президент фармонида кўзда тутилган. «Газета.uz» сиёсатшунос, фан доктори Фарҳод Толипов билан аралаш сайлов тизимининг моҳияти ва унинг жорий этилиши қандай ўзгаришларга олиб келиши мумкинлиги хусусида суҳбатлашди.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

Фарход Толипов. Фото: Facebook.

Мажоритар ва пропорционал тизимлар: фарқлари, афзаллик ва камчиликлари

Мажоритар тизим — бу ўз сайлов округида энг кўп овоз олган номзодлар сайланган деб топиладиган сайлов тизимидир.

Масалан, Қонунчилик палатасига 150 нафар депутатларни сайлашда 150 та ҳудудий сайлов округи шакллантирилади. Уларнинг ҳар бири фуқаролар овоз берадиган сайлов участкаларига бўлинади. Ҳар бир сайлов округидан биттадан депутат сайланади.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

2019 йилги парламент сайловлари.

Ўзбекистонда бешта сиёсий партия рўйхатга олинган. Ҳар бир партия битта сайлов округи доирасида ўзидан биттадан номзод кўрсатади. Сайловолди пойгаси иштирокчилари ўз дастури, мамлакатдаги сиёсий муаммолар юзасидан ўз қарашларига эга — улар айнан шу борада бир-бири билан рақобатлашади. Сайлов ўтказиладиган кунга қадар уч ой муддатда партия вакиллари сайловчилар билан учрашиб, амалга оширмоқчи бўлган ишлари ҳақида маълумот бериб боради.

Сайлов куни сайловчилар сайлов участкаларига бориб, беш номзоддан биттасининг фойдасига ўз овозини беради. Округ бўйича энг кўп овоз олган номзод сайланган депутат ҳисобланади.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

Мажоритар тизимнинг афзаллиги, Фарҳод Толиповнинг фикрича, унинг барқарорлигидадир.

«Айтайлик, мамлакатда йирик сиёсий партия борки, сайловда ўзининг таниқлилиги ҳисобига ғалаба қозонади. Натижада Олий Мажлис қуйи палатасида унинг вакиллари сон жиҳатдан устунликка эришади. Шу нуқтаи назардан қараганда, парламент иши нисбатан барқарор бўлади — ҳеч ким эътироз билдирмайди», — дейди Фарҳод Толипов.

Мажоритар тизим барқарорлигининг салбий томони — бирёқламаликдир, дея таъкидлайди сиёсатшунос. Тизим парламентдаги вакиллари мунтазам мутлақ кўпчиликни ташкил этувчи йирик, кучли партиялар фойдасига ишлайди. Шу сабабли, кичик партия номзоди ўз сайлов округида ғалаба қозонган тақдирда ҳам, сон жиҳатдан устунлик йирик партиялар томонида қолганлиги учун Қонунчилик палатасида унинг овози аҳамиятсиз. Оқибатда кичик партия депутатининг ғоялари сиёсатда етарлича аниқ ифодаланмайди.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

«Бу тизимнинг камчилигидир. Қонунчилик палатасидаги ўринларни механик равишда кўпроқ овоз олганлар эгаллайдиган шароитда, депутатлар томонидан қабул қилинган қонунлар сайлов округларининг маҳаллий муаммоларини акс эттирмаслиги мумкин. Бунинг сабаби, маҳаллий муаммоларни кун тартибига олиб чиқиши мумкин бўлган кичикроқ партияларнинг мавжуд эмаслигидир», — дея изоҳлайди сиёсатшунос.

Пропорционал тизим — бу ҳар бир партия парламентда қўлга киритадиган ўринлар сони сайловда унга берилган овозлар сонига кўра белгиланувчи сайлов тизимидир. Унинг мажоритар тизимдан фарқи шундаки, бунда сайловчиларга партиядан муайян номзодга эмас, партиянинг ўзига овоз бериш таклиф қилинади.

Пропорционал тизимда ҳар бир партия депутатликка номзодлар рўйхатини овозга қўяди. Партиялар рўйхатларни мустақил равишда тузадилар, уларга энг фаол, энг таниқли сиёсий арбобларни киритадилар. Ҳар бир партиядан номзодлар сони ҳозирда лойиҳаси ишлаб чиқилаётган қонун билан белгиланиши керак, дея қайд этади сиёсатшунос.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

Депутатликка номзодлар рўйхатлари билан танишиб чиққач, сайловчи улардан биттаси, ўз навбатида, муайян партия фойдасига танлов қилади.

«Партияларнинг парламентдаги ўринлари сони сайловда қанча овоз тўплашига боғлиқ. Шартли оладиган бўлсак, агар „А“ партиясини 30 фоиз, „Б“ партиясини эса 25 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаган бўлса, Қонунчилик палатасида биринчиси 30, иккинчиси 25 ўринга эга бўлади. Партиялар бу ўринларни ўз рўйхатидаги номзодлар ўртасида тақсимлайди», — дейди Фарҳод Толипов.

Пропорционал тизимнинг афзаллиги шундаки, нафақат сайловда ғалаба қозонган йирик сиёсий кучлар, балки кичик партиялар ҳам парламентдан жой олиш имконига эга бўлади. Кичик партиялар минимал ўринлар сонига эга бўлиши мумкин — пастки чегара ҳам қонун билан белгиланиши лозим.

«Кичик партиялар ҳам ўз электорати манфаатларини акс эттирувчи сиёсий кучдир. Уларнинг мавжудлиги тизимнинг янада плюралистик бўлишига хизмат қилади, партиялар ўртасидаги ҳақиқий кураш эҳтимолини оширади. Масалан, кучсизлиги туфайли қарорлар ва қонунлар қабул қилиш жараёнида кучли рақиблардан устун келолмаслиги мумкин бўлган кичик партиялар коалицияларда бирлашиши ва шу шаклда етакчи партияга нисбатан янада таъсирлироқ кучни ифодалаши мумкин», — дея тушунтиради сиёсатшунос.

Пропорционал тизимнинг камчилиги сифатида депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатларнинг заифашувини кўрсатиш мумкин, айниқса, ҳудудлар контекстида. Шунингдек, кўпинча партияларга эътиборни жалб қилиш учун рўйхатларда таниқли шахсларнинг — актёрлар, спортчилар, қўшиқчилар — акс этиши ҳам салбий омил бўлиши мумкин. Улар сайловларда ғалаба қозонганидан кейин ўз мандатини сайловчиларга нотаниш бўлган, рўйхатда нисбатан қуйи ўринларни эгаллаган бошқа номзодларга беради.

«Пропорционал тизим Австрия, Дания, Белгия ва ривожланган партиявий тизимга эга бўлган бошқа бир қатор мамлакатларда қўлланилади. Бизнинг вазиятимизда эса, Ўзбекистонда сиёсий жараёнлар, ислоҳотлар турғунлик ҳолатида экан, бундай тизимга ўтишга имкон бор, деб ҳисобламайман. Демократик кучлар ўртасида тенг рақобат мавжуд эмас — сунъий тузилмалар бўлган ва ҳокимиятга содиқ партияларнинг «кураш»ига назар ташлашнинг ўзи етарли. Мамлакат сиёсий ҳаётини ёлғиз уларга ишониб топширишга ҳали эрта деб ҳисоблайман», — дейди Фарҳод Толипов.

Аралаш сайлов тизими: моҳияти ва истиқболлари

Мажоритар-пропорционал ёки аралаш сайлов тизимига ўтиш янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини ҳаётга татбиқ этишнинг устувор чора-тадбирларидан бири сифатида қаралмоқда. Фарҳод Толипов ҳозирча бундай қадамнинг вақти эмас, деб ҳисоблайди.

«Сайлов тизимини ўзгартириш юзасидан қарорлар бой сиёсий тажрибага, турли сиёсий кучлар, хусусан, партиялар ёки алоҳида йирик сиёсатчилар ўртасидаги ҳақиқий кураш тажрибасига асосланиши лозим. Таҳлил учун материал мавжуд бўлсагина, тизимни такомиллаштириш зарурлиги аён бўлади, чунки у ўзини оқламаяпти, замон талабларига жавоб бермаяпти. Ўзбекистонда эса вазият бошқача, шунинг учун аралаш тизимга ўтиш тўғрисидаги қарор ҳозирча ақлга сиғмайди», — дейди эксперт.

Аралаш тизим — бу мажоритар ва пропорционал тизимларнинг гибрид шаклидир. Унинг моҳияти шундан иборатки, битта ҳокимият вакиллик органининг ўзида депутатларнинг бир қисми мажоритар округларда шахсан, иккинчи қисми эса вакилликнинг пропорционал тамойили бўйича партиявий асосда сайланади. Сайловда сайловчи қўлига иккита бюллетен олиши назарда тутилади. Бирини номзод учун, иккинчисини партия учун тўлдиради.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

Мажоритарлар ва пропорционалистлар ўртасида парламентдаги ўринларни тақсимлаш тартиби турли мамлакатларда турлича. Германияда бу 50% га 50%, Италияда — 75% га 25%, қўшни Қозоғистонда — 70% га 30%. Ўзбекистонда қандай нисбатда бўлиши ҳозирча номаълум.

Аралаш тизим ўз таркибида жамиятдаги сиёсий кучлар мувозанатини акс эттирувчи парламентни шакллантириш имконини беради, деб ишонилади. Шунингдек, у сиёсий партияларни мустаҳкамлайди ва рақобат ўсишига имкон яратади. Бироқ, Фарҳод Толипов мамлакатда ҳозирги юзага келган шароитда аралаш тизим қандай ишлаши тўғрисида яхши тасаввурга эга эмаслигини эътироф этади.

«Мажоритарлар ҳам, пропорционалистлар ҳам ҳокимиятга содиқ партияларнинг аъзолари. Ўз номзодини илгари сурувчилар, мустақил номзодлар бизда мавжуд эмас, бироқ улар кураш олиб бориши, кимнингдир истагига боғлиқ бўлмаган қизиқарли ғоялар, дастурларни илгари суриши, мамлакатда партиявий тизимнинг заифлиги туфайли юзага келган бўшлиқни тўлдириши мумкин эди. Президент фармони ва аралаш тизимга ўтиш ортидан ўз номзодини илгари сурувчилар пайдо бўладими? Мен учун бу савол очиқ қолмоқда, гарчи Ўзбекистон шундай сиёсий тажрибага эга бўлса ҳам — 1990 йилларда партиясиз, мустақил номзодлар депутатлик ўрнига даъвогарлик қилишлари мумкин эди», — дейди Фарҳод Толипов.

аралаш сайлов тизими, депутатлар, фарҳод толипов

Сиёсатшуноснинг фикрича, сиёсий турғунлик шароитида янги сайлов тизимига ўтиш кутилган натижани бермайди.

«Иккинчи, учинчи даражали вазифаларни бирламчи вазифалар билан чалкаштирмаслик керак. Бирламчиларини ҳал қилмагунимизча, ҳар қандай „инновация“ паст самарали бўлаверади. Сайлов тизимини ўзгартириш — сиёсий тизим ва қонунчиликни такомиллаштиришдан кейинги босқичдир. Бошланишига, ўз номзодини илгари сурувчиларнинг сайловда қатнашишига рухсат бериш, бу бандни Конституцияга қайтариш керак. Партияларнинг содиқликдан мухолифатга ўтиши, бир-бири билан чинакам кураш олиб боришига эришиш лозим. Ҳозир улар бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Улар ташқи сиёсат ҳақида умуман гапирмайди, гўё партиялар бу билан шуғулланмаслиги керакдек. Рақобат мавжуд бўлмаган шароитда депутатлар қайси тизимда сайланиши аҳамиятга эга эмас, агар улар ўша-ўша содиқ партияларнинг аъзоси бўлсалар», — дея таъкидлайди эксперт.

Аралаш тизимга ўтилгандан кейин депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатлар қандай ўзгаришини тасаввур қилиш қийин, дейди Фарҳод Толипов. Муаммо аҳоли ва элита ўртасида жиддий сиёсий билимларнинг мавжуд эмаслигидадир.

«Фуқароларнинг сиёсий онги, маданияти жуда паст даражада. „Сиёсатга аралашманг“ тезиси катта, совет авлодидан ҳозирги ёшларга ўтиб келмоқда. Одамлар сиёсатдан қўрқишади, ўзларини узоқроқ тутишади, маъқуллашни афзал кўришади ва кўпинча нима учун овоз бераётганликларини билишмайди. Бу конформизм деб юритилади. Сиёсий доиралар: партиялар, депутатлар, элита шундай позициядан фойдаланади. Уларни оппортунистлар деб аташ мумкин. Улар — ҳокимият соясида туриб, ўзларининг тор ғаразли манфаатларини кўзлаётганлардир. Оппортунистлар имтиёзларни, фойдани бой бермаслик учун ҳокимиятга қарши чиқишмайди», — дея тушунтиради сиёсатшунос.

Фарҳод Толиповнинг фикрича, сиёсий саводхонликни ошириш орқали вазиятга таъсир ўтказиш мумкин. Ҳозирча эса, унинг сўзларига кўра, тескари тенденция кузатилмоқда.