Тошкентда 18 май куни камбағалликни қисқартириш бўйича иккинчи халқаро форум бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, камбағалликка қарши курашишнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу — таълим ва соғлиқни сақлашдир. «Жаҳон банки билан ҳамкорлигикдаги дастуримизнинг энг катта йўналиши инсон капиталини ривожлантириш ҳисобланади», — деди у.

Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликка қарши курашишдаги асосий йўналишларига тўхталди.

«Бугунги форумга келган хорижлик ва қўшни давлатлардаги мутахассислар бизга [камбағалликка қарши курашиш борасида] белгилаб олган асосий йўналишларингиз нималар, деб савол беришди. Биринчиси, қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш. Биринчи марта давлат раҳбари ташаббуси билан биз ер майдонларини одамларга 30 йиллик ижарага беряпмиз. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигида ижобий ўзгаришларга эришиш», — деди Қўчқоров.

жамшид қўчқоров, камбағаллик форуми, камбағалликни қисқартириш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Жамшид Қўчқоров. Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Ҳукумат расмийсининг таъкидлашича, иккинчи йўналиш қишлоқ ҳудудларида саноатни ривожлантириш ҳисобланади.

«Учинчиси, инфраструктурани ривожлантириш — бир жойдан иккинчи жойга товарларни етказиб беришни тезлаштириш, одамларнинг мобиллигини ошириш учун ҳаракат қилиш. Шу билан бирга, одамларни ичимлик суви ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш. Бунда яшил технологиялардан кенг фойдаланиш», — деди у.

Унинг қайд этишича, тўртинчи йўналиш урбанизация жараёнидир.

«Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси қарийб 50 фоизни ташкил қилади, бу катта кўрсаткич. 50 фоизлик урбанизация даражаси билан камбағалликни қандай барқарор равишда камайтириш мумкин, деган савол берилиши табиий. Шу сабабли урбанизация энг муҳим йўналишлардан бири», — деди Жамшид Қўчқоров.

Маълумот учун, мазкур форум Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Унда иқтисодчи олимлар, БМТ, БМТТД, Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, UNICEF, Осиё тараққиёт банки, FTA, GIZ каби халқаро ташкилотларнинг жами 200 дан зиёд экспертлари қатнашди.

Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров мамлакатда камбағаллик даражаси камайиб бораётгани, бироқ аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билангина уни қисқартириб бўлмаслигини таъкидлаган эди. «Камбағалликни қисқартириш барча вазирликларнинг асосий масаласига айланса, барқарор натижаларга эришамиз», — деганди у.