Нукус воқеалари бўйича апелляцияда экспертлар сўроқ қилинди (+фото)

Нукус воқеалари бўйича апелляцияни кўриб чиқаётган суд Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров илтимосига кўра экспертларни сўроққа таклиф қилди. Ҳимоячи уларнинг жавобларига қўшилмаслигини айтди. У судда қўйилган 1−2 июль воқеаларига оид видеони «журналистлик ҳиссиётли хабар» деб атади.

Шукрулло Эгамбердиев Тошлоқ тумани бош имомлигидан бўшатилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошлоқ тумани бош имоми Шукрулло Эгамбердиевни лавозимидан озод қилди. Идоранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бунга унинг сўнгги 6 ой давомида аҳолининг норозилигига учраган видеолари сабаб бўлган.

Mastercard Ўзбекистонда ваколатхонасини очади

Mastercard Ўзбекистонда биринчи расмий ваколатхонасини очади. Шунингдек, компания ЕТТБ билан кичик бизнес эгалари, айниқса, аёллар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.

ИИВ Telegram`да аёлларнинг суратларини тарқатишда гумонланган гуруҳ админларини қўлга олди

ИИВ Киберхавфсизлик маркази Telegram`да хотин-қизларнинг беҳаё суратларини тарқатишда гумонланган фуқароларни қўлга олди. Улар тасвирларни кўриш ёки ўчиртириш учун пул талаб қилган. Вазирлик ушбу ҳолатдан жабрланганлардан 102 рақамига хабар беришларини сўради.

Тошкентда метрода ёш қизга шилқимлик қилган шахс 5 суткага қамалди

12 май куни Тошкент шаҳрида метро вагони ичида ёш қизга шаҳвоний шилқимлик қилган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унинг аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани сабаб жазо енгиллаштирилмади. Йигит 5 суткага қамалди.

Намангандаги боғда 12 ёшли бола бошидан жароҳат олиб вафот этди

Наманган шаҳридаги истироҳат боғида 12 ёшли бола аттракционда айланган вақтида бошидан жароҳат олиб вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Тарқалган видеоларга кўра, воқеа 30 га яқин ўқувчи мактаб жамоаси билан айланишга чиққанда содир бўлган.

Жиззах вилоятида бўлим прокурори $1,3 минг пора олгани айтилмоқда

Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, «хизмати» учун тадбиркордан 1300 доллар сўраганликда гумонланмоқда, у пулларни олган вақтида ушланди. Шунингдек, ДХХ Андижон вилоятида ҳам пора олганликда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди.

Йил бошидан бери 2 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди

Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган даврида 107 нафар фуқаро овқатдан заҳарланган (22 нафари болалар), 2 бемор вафот этган. Заҳарланишлар энг кўп уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан.

Тошкентда ИИО ходимига қаршилик кўрсатган фуқаро 10 суткага қамалди

Тармоқларда Шайхонтоҳур туманида фуқаронинг ИИО ходимлари билан жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, фуқаронинг машинаси жарима майдончасига жойлаштирилган. Бироқ ҳужжатлаштириш жараёнида у ИИО ходимларининг талабларини бажармай, қаршилик кўрсатган.

Ўзбекистонда қўшимча 2 та газ ўлчаш станцияси қурилади

Республикада 1 июлгача барча табиий газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига онлайн электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. 2024 йил 1 октябргача республикада қўшимча 2 та газ ўлчаш станцияси қурилади.

Тошкентда Амир Темур кўчасининг бир қисми номаълум муддатга ёпилди

15 майдан Тошкентдаги Амир Темур кўчасининг бир қисми номаълум муддатга ёпилди. Бу вақтда кўча бўйлаб янги электр тармоғини қуриш ишлари олиб борилади.

Ўзбекистон бўйлаб музейлар куни нишонланади

18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистон давлат музейлари ташриф буюрувчиларни бепул қабул қилади. Давлат санъат музейида Баҳодир Жалолнинг «Мангуликдаги чизиқ» кўргазмаси очилади ва рассом билан учрашув ўтказилади, Миниатюра музейида хаттотлик бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

«Бобо-бувиси узоқдалиги ёмон, лекин менталитетдан узоқдалигимиз яхши». Хорижда яшаб, бола ўстираётган ўзбекистонликлар ҳикояси

Бола тарбияси нозик масала — гўёки бир умрлик имтиҳон. Мусофирчиликда, бегона муҳит ва ўзга маданият ичида фарзанд тарбиялаш эса икки карра машаққат. «Газета.uz» кўп йиллардан бери хорижда яшаб, болаларини ҳаётга тайёрлаётган ўзбекистонлик ота-оналар тажрибасини жамлади.