Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан Telegram`да фуқароларнинг фото-видеоларини жойлаштириб, уларни ўчириш эвазига пул талаб қилиб келган гуруҳ аниқланди.

Қайд этилишича, улар Telegram мессенжерида Hello Tashkent, salam Tashkent номли гуруҳ ва каналларни ташкил этиб, қизлар ва аёлларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видео ва фото материалларни жойлаштириб келган. Тасвирларни ўчириш учун эса пул талаб қилган.

Дастлаб, гуруҳ аъзолари очиқ гуруҳларда тасвирларни жойлаб, қизиқувчиларни VIP-чатга таклиф қилган. Унга аъзо бўлиш эса 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача этиб белгиланган.

Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган техник ва тезқор-қидирув ишлари натижасида ушбу фаолият билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди.

hello tashkent, иив, киберхавфсизлик маркази

Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 165 моддаси (Товламачилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда воқеага алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Вазирлик юқоридаги гуруҳ ва каналлардан жабрланган фуқаролар 102 ёки +998 99 117 60 87 рақамига хабар беришларини сўради. Маълумот берган фуқароларнинг шахси сир сақланиши кафолатланишини қайд этди.