2023 йилнинг ўтган даврида фуқаролар орасида 21 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш кузатилди, деб хабар берди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси.

Аниқлик киритилишича, бундан жабрланган 107 нафар фуқаронинг 22 нафари болалар бўлган, 2 нафар бемор вафот этган.

Жами қайд этилган заҳарланишлардан 15 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида ботулизм касаллиги қайд этилиб, 52 нафар фуқаро жабрланган, шундан 8 нафари бола бўлган.

6 та ҳолатда овқат токсикинфекцияси қайд этилган бўлиб, 55 нафар фуқаро жабрланган бўлса, шулардан 11 нафарини болалар ташкил этган.

2 та ҳолатда умумий овқатланиш шохобчаларида, яъни тез тайёрланадиган лаваш, бургер ва шу каби тезпишар маҳсулотларни истеъмол қилган фуқаролар орасида ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши ва овқатдан заҳарланиш кузатилган.

Маълумот учун, 2022 йил давомида 65 ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилиб, 518 нафар фуқаро жабрланган, шулардан 194 нафари болалар бўлган, 2 нафар бемор вафот этган (уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилган).

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январь ойида Самарқанд вилояти Қўшработ туманида бир оиланинг 5 аъзоси ботулизмга чалиниб, уларнинг 2 нафари вафот этганди. Улар уй шароитида тайёрланган помидор-бодринг тузламасидан заҳарланган.

Тошкент вилоятида эса бир оиладан 4 киши ҳалок бўлган, яна 3 нафари касалхонага ётқизилганди. Ўлим сабаби озиқ-овқат ёки ис газидан заҳарланиш бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган, якуний хулоса ўлим сабаби сифатида ис газидан заҳарланишни келтирган.