16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида Шукрулло домла номи билан танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинди.

Идора матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, йиғилишда имом-хатибнинг 6 ой давомида тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига эътибор қаратилган.

Шукрулло Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этиб, узр сўради.

«Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга ҳайфсан интизомий жазоси берди ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди.

Аввалроқ тармоқларда Шукрулло Эгамбердиевнинг хорижда юрган мигрантлар ҳақидаги видеоси тарқалганди.

«Иш йўқ, иш йўқ, дейди. Каллани ишлатиш керак. Ҳозир шу ерда кўча супур деса, супурмайди, Россияда супуради. Шу ерда мол тагини торт деса, тортмайди, у ерда чўчқанинг тагини тозалайди. Шу ерда молнинг тагини торт. Миллатингникини торт. Ўқимасанг, қул бўласан. Агар шу кетишда бўлса, болалар илм-фанга эътибор қаратмаса, қул бўлиб юраверамиз. Яна чиқволиб, ўзича билимдонлик қилади. Аллоҳ фазли нималигини интернетда гапираётган ҳаммасидан зўр биламан. Қуръоннинг фазилати нима, ҳадиснинг фазилати нима — ҳаммасини яхши биламан. Шунинг учун ўқиганман мадрасада», — деган Шукрулло Эгамбердиев.

Кейинчалик у ўзининг Instagram саҳифасида ушбу видео юзасидан изоҳ берди.

«Ҳақ сўзни айтсам, уни негатив деб қабул қиламиз. Мусофир юртдаги дўстларимиз илм ўқиши, илм ўқимаган одам қийналиши, ўқиган одам ҳаётда қоқилмаслиги ҳақидаги гапимизни нотўғри қабул қилишганми ёки мен тушунтириш билмаганманми, билмадим», — дейди у.

Яна бир резонансли видеода имом битирув кечасида вальс тушган қизларни танқид қилган. Видеода, хусусан, бугун мактабда йигитлар билан вальс тушган қизга эс-ҳуши бор йигитлар уйланмаслиги айтилиб, бундай қизларда турмуш ўртоғига нисбатан вафо ва садоқат бўлиши сўроқ остига олинган.