Хорижда бола тарбиялашнинг қандай қийинчиликлари бор? Болалар ўз она тилини унутиб юбормайдими? Уларни катта қилишда давлат томонидан қандай моддий ва маънавий кўмак кўрсатилади? Ва, энг асосийси — фарзандларингизга Ўзбекистонда ҳам шундай эътибор, ёрдам кўрсата олган бўлармидингиз? «Газета.uz» кўп йиллар чет элда яшаган ва яшаб келаётган ўзбекистонлик ота-оналарга шу каби саволлар билан мурожаат қилди.

Мақсуда Имомова

Австралиянинг Сидней шаҳрида яшайди. Уч нафар фарзанди бор

Четда яшаб, бола ўстиришнинг яхши томони: фарзандингиз билан кўпроқ бирга бўласиз, оилавий ришталарни маҳкам тутасиз. Боланинг дунёқараши локал эмас, глобал масштабда кенгаяди. Турфа маданиятлар ва уларнинг келиб чиқиши ҳақида ўрганиб улғаяверади. Бағрикенглик нималигини тушунади. Хилма хил ва ўзига хос таълимга эга бўлади.

Минус томонига келсак, болаларда иккиланиш ҳисси кучаяди. Баъзан нима қилсам тўғрию, нима хато деб ўйлаб қолади. Масалан, Ўзбекистонда жамоат транспортидан фойдаланаётганда ёши катталарга жой бериш одобдан деб қаралади, айрим давлатларда шундай қилсангиз: «Мени ҳақорат қилмоқчимисан? Соппа-соғман-ку!», деб хафа бўлади. Яна қариндош-уруғдан узоқдалигимиз ҳам меҳр-оқибат, яқинликка таъсир қилмай қўймайди. Дискриминация ёки бегона муҳитга мослашиш пайти болаларда руҳий зўриқиш ҳам кучайиши мумкин.

Бола тарбияси ҳар қандай ота-она учун доим мураккаб, ўзига яраша паст-баланди бор жараён. Хорижда яшасангиз, бу мураккаблик икки карра ортади. Чунки четда нормал деб билганингиз ўз юртингиз маданияти, урф-одатига зид келиши, одамлар табиий қабул қилмаслиги мумкин. Ўзбекистонда бир болага ота-онасидан ташқари бобо-бувиси, қариндошлар, ҳатто қўни-қўшни ҳам масъул. Яъни, ўрни келса танбеҳ-тарбияни шулар ҳам бераверади. Чет элда эса бунинг акси. Доим ҳушёр яшашингиз шарт.

Болалар билан мунтазам мулоқот, ёлғиз қолдирмаслик, дўстлари ким, атрофида кимлар билан муомала қиляпти кабиларга эътиборли бўлиш учун зиммамиздаги вазифани турмуш ўртоғим билан ўзаро келишиб, бўлишиб оламиз. Лекин барибир кўп масъулият она зиммасида қолади. Уйда ўзбек тилида гаплашамиз. Инглиз тилида ўқиш, ташқаридагилар билан кундалик мулоқот бўлгани билан уйда она тилида гаплашиш мажбурият. Қолган тилларни тақиқлаганмиз.

Авазхон Умар

Туркиянинг Измир шаҳрида яшайди. Бир нафар фарзанди бор

Туркияда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида талаба оиласи (одатда, илмий тадқиқот қилаётган, докторантурада ўқиётган), ишчи оиласи (ресторан, фабрика, хонадонларда ишлайдиган) бор. Оилам билан келганимда докторантура босқичининг илмий иш ёзиш жараёнида эдим. Аёлим бакалаврни энди тугатганди. Болали бўлгач, ота-онамиз, қайнона-қайнотамиз, яқинларимиздан узоқдалигимиз жуда билинди. Бу фарзандингиз касал бўлса, ярим кечаси шифохонага боришга мажбур бўлганингизда янаям билинади.

Фото: Авазхон Умарнинг шахсий архивиданФото: Авазхон Умарнинг шахсий архивидан

Тўғри, хорижда бола тарбиялашнинг яхши томонлари ҳам бор. Ота-она, айниқса оталар болалари билан кўпроқ шуғулланади. Чунки оилада эр-хотин ва фарзанд бор, холос. Ватанингизда эса қайнона-қайнота ёрдамга келади. Иккинчи тарафи, тарбия жараёнида эр-хотиннинг қоидалари баравар «ишлайди». Она ҳам, ота ҳам ўзи истаганича тарбия беролади. Катталар аралашуви, маҳалла, оила аъзолари босими, «одамлар нима дейди» каби тушунчалар йўқ. Энг асосийси, айрим кераксиз, илмий асоси пуч урф-одатларни қилишга мажбур эмассиз. Айрим ҳудудларимизда ҳалиям «болани уриб туриш керак, эркаланиб кетмасин» деган носоғлом тушунчалар, афсуски, камаймаган. Бола фақатгина меҳр-муҳаббат билан тарбия қилиниши керак.

Эр-хотин зиммасидаги масъулият оиланинг ижтимоий даражасига қараб тақсимланади. Бизга ўхшаган талаба эр ва айни кунларда уй бекаси бўлган она форматидаги оилаларда юк кўпроқ онага тушади. Лекин иш жадвалим эркин: таржималар ва илмий тадқиқот билан шуғулланаётганим учун асосий ишимни уйда қиламан. Уй юмушларида вазифанинг 60 фоизини аёлим олса, 40 фоизини ўзим бажараман. «Бу сенинг ишинг, буниси меники» деб ажратиш, ортиқча сансалорлик йўқ. Ким нимага улгурса, ўшани бажариб кетаверади.

Туркияда хорижлик оилаларга давлат моддий кўмак ажратмайди. Лекин турли жамғарма, хайрия ташкилотлари бор. Нимагадир муҳтож бўлсангиз, яшаётган жойингиз маъмуриятига ариза қолдирасиз. Навбатингиз келса, уйингизга элтиб беришади. Мактаблар, поликлиникалар эса барча учун бепул.

Уйда турк-ўзбек тилларида гаплашамиз. Икки ярим яшар қизим иккала тилниям тушунадию, туркчаси яхшироқ. Мультфильмлари, ўқиётган китоблари шу тилда бўлгани учундир балки.

Тарбиянинг энг таъсирли ва унумли йўли — ота-она ўзини ўзи тарбиялаши, ўрнак бўлишидир. Биз ҳам шунга риоя қиламиз. Амал қилмайдиган ишимизни ўргатишга уринмаймиз. Масалан, қизимиз олдида яширин камера олдида тургандек, кимдир бизни кузатаётгандек муносабатда бўламиз. Гап-сўзимиз, хатти-ҳаракатимизга жиддий эътибор берамиз. Чунки бола энг кучли тақлидчи. Хотирасига ҳаммасини ёзиб бораверади.

Ҳар куни бағримизга босиб, кўзига қараб бир марта бўлсаям: «Қизим сени яхши кўраман!» деймиз. Ниманидир сўраса, ишимизни қўйиб, саволига жавоб беришга, изоҳлаб, тушунтиришга уринамиз. Бирор ножўя иш қилса, ваҳима кўтариб уришиб-сўкмаймиз, аксинча, чиройли сўзлар билан вазиятга баҳо берамиз. Боланинг меҳр-марҳаматли бўлишида ота-онанинг ўрни беқиёс. Жамият фарзандга севги, меҳрни сингдира олса, турли нохушликлардан йироқ яшаш мумкин.

Бола билан кўпроқ вақт ўтказиш керак — шунинг унинг ўзига бўлган ишончи ортади. Фарзанд тарбияси кун, ой, йиллар бўйи давом этадиган сермашаққат, сабр талаб этадиган жараёндир.

Маърифат Акбар

2007 йилдан бери Данияда, ҳозирда Арҳус шаҳрида яшайди. Тўрт нафар фарзанди бор

Хорижда фарзанд ўстирар экансиз, аввало яшаётган мамлакатингиз ижтимоий-иқтисодий, диний, маданий хусусиятларини ҳисобга олиш керак. Тарбияда барининг ўрни, таъсири бор. Биз яшаётган жойда турли миллат вакиллари, эътиқоди турфа инсонлар жамланган.

Фото: Маърифат Акбарнинг шахсий архивиданФото: Маърифат Акбарнинг шахсий архивидан

Кўчиб ўтган маҳалламизда эса кўпроқ мусулмонлар, қардош халқлар яшайди. Қадриятларимизга яқинлиги учун шу ерни танлаганмиз. Болаларим ҳам мусулмон хусусий мактабида ўқийди. Дарслар давлат таълим стандарти асосида тузилган ва ўқитишда мусулмон маданиятига кўпроқ эътибор берилади. Жума кунлари мактабда биргаликда жума намози ўқилади. Агар бу ерда мусулмон болалари учун мактаб ёки масжид бўлмаганида, келмаган бўлардик.

Данияда болаларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш бошқа давлатларга қараганда анча юқори. Моддий кўмак яхшилиги учун ота-она фарзандларини иқтисодий таъминлашда қийналмайди. Ҳар бир болага туғилганидан 18 ёшга тўлгунича ҳар чоракда бола пули берилади. Бундан фуқаролар ва қонуний яшашга рухсат олганлар фойдаланади. Фарзандлар ва ўсмирлар учун нафақа миқдори ота-онанинг даромадига боғлиқ.

Болаларим яқин қариндошлардан узоқда улғаяётгани хийла ёмон. Ҳар бир ўғил-қизда бахтли болалик таассуротлари бўлиши учун ота-онадан ташқари бобо-буви, амма-хола, тоға-амакининг меҳри, эътибори, ғамхўрлиги ҳам керак. Соғинч, меҳр, дийдор… шуларгина сал қийнайди. Шунинг ўрнини тўлдириш, болаларимга билдирмаслик учун уларга кўпроқ меҳр беришга, вақт ажратишга, бирга бўлишга ҳаракат қиламан.

Охирги пайтларда Данияда ЛГБТ мавзуси фаоллашган, буни оддий ҳолдек нормаллаштириш сиёсати кетяпти. Болаларга ҳам «бу табиий жараён» деб уқтирилиши ёмон. Дунёни англашга интилаётган боланинг онги, фикри бузилмаслиги учун энди икки ҳисса курашиш, эҳтиётлаш шарт. Уйда имкон борича фитратимизга, эътиқодимизга зид тушунчаларнинг оқибати, сабабларини эринмай тушунтирамиз. Болага тўғри маълумотни доим бериш керак. Токи жамиятдаги иллатларга дуч келганида ўзини йўқотиб қўймасин.

Айни вақтда, Ўзбекистондаги менталитетдан узоқдалигимизни энг яхши жиҳатлардан бири деб биламан. «Одамлар нима дейди?» деган гап-сўз йўқ. Кўп масалани таҳлил қилиш орқали тушунтирамиз, бошқаларнинг фикрига қараб иш тутмаймиз. Менталитетимиздаги баъзи иллатлар: меҳмондорчилик, турли маросимлар, исрофгарчилик, риё кабилардан йироқмиз.

Масалан, биргина кийиниш одобини олайлик. Данияда табақаланиб кийинган одамни учратмайсиз. Ҳамма соддалик, минимализмни афзал билади. Фаррошнинг боласи билан вазирнинг боласини ажрата олмайсиз. Моддий тарафдан нотенглик, бой-камбағалга ажратиш йўқ. Буюмлар ҳам ўта содда, камтарона. Энг қувонганим, моддиятпарастлик, фалончидан ўзиш, кийим-бошга қараб муомала қилишдан узоқдамиз. «Компьютер, телефон — бу эҳтиёж, ҳашамат эмас» деб уқтирамиз.

Данияда соғлиқни сақлаш тизимининг юқори даражада ривожланган. Тиббиёт ходимлари виждонан ишлайди. Коррупция, «рози қилиш», «чўнтакка солиш» деган тушунчалар йўқ. 18 ёшгача бўлган болалар учун тиббий хизмат бепул. Болаларнинг соғлом овқатланишига давлат даражасида алоҳида эътибор берилади. Боғча, мактабларда шакар, маргарин, оқ ундан тайёрланган пишириқлар, турли кимёвий моддалар қўшилган маҳсулот ёки ичимликлар қатъиян тақиқланган. Шу боис болалар орасида касалланиш кам.

Ўзбекистонда эса камтарона овқатланиш урфда эмас. Масалан, бу ерда болам ҳар куни мактабига идишчасида битта сабзи ёки олма, қора нонга суртилган сариёғ, ёнғоқ, майиз олиб кетади. Эҳтимол, сизга булар калорияси паст, содда, тўйимсиздек кўриниши мумкин. Аммо болага энг фойдалиси шу. Ёғли, тез ҳазм бўладиганлари зарар аслида. Ватанда эса бақувват, тўйимли, сифатли овқатлантириш деганда қиммат, хориж маҳсулотлари тушунилади.

Ўзим гувоҳман: супермаркетга кирсам, гўдакларга ҳам жуда қиммат печенье, чет эл йогуртлари олинаркан. Ичига турли маза оширувчи қўшимчалар қўшилган бўтқалари бериларкан. Яхшилаб суриштирсангиз, булар ҳам зарар. Чет элники соғлом, доим фойдали бўлади, иммунитетни оширади, соғлом ўстиради дегани эмас. Ҳамма ўзи яшаётган жойдаги маҳаллий сабзавот, табиий, органик маҳсулотларни ейиши энг фойдалиси, кераклиси. Бошқасига боланинг организмида эҳтиёж йўқ.

Тарбия бобида она тилига алоҳида эътибор берамиз. Уйда фақат ўзбек тилида гаплашамиз. Боғча, мактабдаги вазифаларни дан тилида бажарсак ҳам асосий мулоқот тилимиз — она тили. Катта қизим 5 та, ўғлим эса 3 та тилда гаплаша олади. Кичкиналаримда эса дан тили фаолроқ. Фарзандларим хорижда яшаса ҳам ўзлигини унутмасин дейман ва бунга, менимча, она тилини ўргатиш орқали эришиш мумкин. Ўзим Жаҳон тиллари университетида лингвистика мутахассислиги бўйича магистратурани битирганман.

2019 йили Арҳусда «Ўзбек ташаббуслари уюшмаси»га асос солдим ва болаларга ўзбек тили машғулотларини ўтишга киришдим. Ўйин, турли ижодий машғулот, маданий тадбирлар ташкиллаштириб, ўзбек тилини ривожлантиришга қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Тошкентда икки институтда дарс берардим ва талабаларга Инглиз тили клуби раҳбари эдим. Бу ерда ҳам нимадир қилиш, ўзбек болаларига она тилини содда ва қизиқ услубда ўргатиш кераклиги шу ишни бошлашимга сабаб бўлди.

Бунга қўшимча, Телеграмда бир неча оналар билан «Muallima Ona» каналини очганмиз. Бола тарбияси ва тажрибадан ўтган усулларимизни обуначилар билан бўлишамиз, имкон қадар сифатли контент тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

Тарбия услубига келсак, ҳамма болага ҳам битта услуб тўғри келавермайди. Ҳар бир бола алоҳида бир шахс. Асосий усулларни динимиздан оламиз ва уларга амал қиламиз. Замонавий техникалар билан ишлашда болаларимга мақсадни тўғри қўйиш кераклигини айтаман. Турли қурилмалар фикрлаш, дунёқарашни кенгайтиришда ёрдам берса, жуда соз, лекин вақтни беҳуда совуришига сабаб бўлса, тарбияда ютқазамиз. Уйимизда қўрқитиш ва мажбурлаш услуби қўлланмайди. Бунинг ўрнига нега у ёки бу нарса зиёнлиги, нотўғри экани тушунтирилади.

Тўғри, баъзида, айниқса, кичкиналарига тушунтириш қийин. Сал қаттиқ туришга, жиддий суҳбатлашишга эҳтиёж туғилади. Шу сабаб доим изланишдаман. Ўргандим, қилиб бўлдим дея олмайман. Тўрт болам тарбиясида ютуқларим ҳам, хатоларим ҳам бор. Фарзанд тарбияси — илмий иш, кашфиётдек гап мен учун. Бунда менга энг катта мотивация берадиган, ўрнак бўладиган шахс — Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари. Уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганишга, болаларига қандай тарбия берганлари, нимадан огоҳлантириб, нимада эҳтиёткор бўлганларини синчиклаб ўрганаман.

Уйимизда қимматбаҳо чинни идишлар териладиган жавонга ҳожат йўқ. Менга олтин зарҳалли идишлар эмас, болаларим ясаган антиқа буюму безаклар, ҳайкалчалар муҳим ва уларга доим жой топилади. Китобларни ҳам уларнинг қўллари етадиган томонларга тахлаб қўяман. Кўзи тушса, қўли етса, айтмасангиз ҳам бола ўқийди.

Қизим анимация, стоп моушн (stop motion)га қизиқади ва биз уни қўллаб-қувватлаймиз. У олган видеолардан нима наф, кимга фойда беради, нимани ўзгартириши мумкин — барини, яъни мақсад ва ниятни тўғри қўйишни айтамиз. 9 яшар ўғлимга отишма, одам ўлдирадиган ўйинларни ўйнаш тақиқланган. Лекин мияни ривожлантирадиган, зийракликни оширадиганига рухсат берилади. Тилини ривожлантирсин деб инглиз тилли дўстлари билан ўйнаса, йўқ демаймиз. Дийдани қотирадиган, қаҳрини қаттиқ қиладиган ўйинларни оқламаймиз. Уйда ТикТок мутлақо тақиқда, YouTube’нинг ҳам фойдали контентларини кўриш мумкин.

Эр-хотин тарбиядаги вазифаларимизни келишиб оламиз. Чунки ота ҳам кўп ишга масъул. Асосий вақти ишда ўтса-да, уйга қайтгач, қисқа вақтга бўлса-да, ота болалари билан суҳбатлашишга, фикрлашишга фурсат топиши муҳим. Оиламизда дадаси аниқ фанларни ўргатсалар, ижтимоий фанлар менинг чекимга тушган. Қизларимга отаси алоҳида ғамхўрлик қилишга, меҳр беришга уринади. Ота қиз боланинг асосий ғамхўри — уйимиздаги олтин қоидалардан. Уй ишларини ҳам ўзаро тенг тақсимлаб бажарамиз. Бу ўғил боланинг, буниси қизнинг иши деб ажратиш йўқ.

Бу ернинг муҳитига мослашиш, албатта, осон бўлмаган. Аммо қайгадир ҳижрат қилдингми, одам боласи тили, дини, аслида кимлиги, қаердан келиб чиққанини унутмаслиги шарт. Болаларимга ҳам аста-секин тарихимиз ҳақида гапириб беряпман. Ўзбекистондан қайтишда китоблар олиб келамиз. Илгари ўзбек тилини ўргатиш бўйича видеодарслар тайёрлардим. Ҳозир тўрт боламдан ортиб бунга вақтим етмайди. Қўшимчасига, «Полиглот аёллар клуби» асосчиси ва лойиҳа координаториман. Қанийди, юртимизда хориждаги ўзбек болажонларига она тилини содда, равон ва қизиқарли услубда ўргатадиган онлайн платформа, видеодарслар ёки қандайдир ресурс бўлса, жуда хурсанд бўлардик.

Севара Исроилова

Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида яшайди. Бир нафар фарзанди бор

Қайси давлатда бўлишингиздан қатъи назар фарзанд ота-онадан ўрнак олади ва буни тарбиясида кўрсатади. Шу боис энг аввал ўзимизни тарбиялашни бошлаганмиз. Лекин хорижнинг қадриятлари бошқа ва бу фарзандимизга таъсир қилмаслиги учун провинциямиздаги ўзбек оилалар билан Ҳайит байрамларида, бўш пайтимиз кўришиб турамиз. Минус томони ўғлимиз бобо ва бувиларидан узоқда, улар билан ҳали кўришмади ҳам. Турмуш ўртоғим иккимиз бобо-бувимизнинг тарбиясини олганмиз. Бу муҳаббатни фарзандимиз ҳис қилмай улғайяпти.

Фото: Севара Исроилованинг шахсий архивиданФото: Севара Исроилованинг шахсий архивидан

Яқинлардан узоқдалигимиз фарзандли бўлган куним анча билинди. Лекин буям яхшиликка: ёнимда яқиним бор, бола тарбиясию парваришида ёрдам қилади деб ишониб қолмасдан, ўзим ўқиб, ўрганиб, тажриба орттиряпман.

Уйимизда ота-она вазифалари тенг тақсимланади. Ҳар якшанба ўғлимизни болалар ўйингоҳига олиб чиқсак, аксар болажонлар дадаси билан сайр қилаётган, ўйнаётган бўлади. Бу якшанбада оталар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказади, дегани. Қолган кунлари оналарни учратасиз. Аммо Канадада кўп оилалар энага ҳам ёллайди. Ота билан она бемалол ишлаши учун шундай қилинади.

Бу ерда болалар нафақаси мавжуд. Канадалик оилаларга болаларни тарбиялаш харажатлари билан ёрдам берадиган ҳукумат дастури 2016 йил июл ойидан бери амалда. Буни Канада даромад агентлиги бошқаради. 18 га тўлмаган болаларга солиқсиз ойлик тўловлар берилади. Ариза топширсангиз, 6 ёшгача бўлган ҳар бир бола йилига 6833 доллар (ойига 569,41 доллардан) олади. 17 ёшгача бўлганлар учун йилига 5765 доллар (ойига 480,41 доллардан) берилади.

Бундан ташқари, 5 ёшгача бўлган болажонларга мўлжалланган таълим масканлари бор. У ерда ота-она ёки энага бола билан шуғулланиши, машғулотлар ўтказиши мумкин, барча харажатни эса давлат қоплайди. Британия Колумбиясида бу Strong Start деб номланади. Кутубхона (унинг ичидаги болани эрта ёшдан ривожлантирадиган дастурлар) ва тиббиёт ҳам бола учун текин.

Ўғлим 10 ойлик ва ҳозирча тўртта сўзни айта олади. Унга фақат инглиз тилида гапираман. 10 йилдан кўп Англияда яшаганим учун фикрларимни инглиз тилида аниқ етказиб бероламан. Сайрга чиқсак, ҳар бир ҳаракатимиз, кўрган-билганларимни унга гапириб кетавераман. Масалан, светофордан қайси пайт ўтишимиз, дарахт гуллаши, қаерга кетаётганимиз ва ҳоказо. Буларни инглизчада тушунтириш осон ва қулай туюлади менга. Дадаси эса ўзбекча гаплашади ва ўғлим бемалол тушунади.

Ўзбекистонда бўлганимда ҳам шундай тарбия бера олардим, деб ўйлайман. Она фарзанд парвариши, тўғри овқатланиш рационига эътибор берса ва оиладаги муҳит соғлом бўлса, онгли фарзанд ўстириш мумкин.

Махсус тарбия усулим йўқ. Энг афзали ва тажрибадан ўтганларини танлайман. Энг аввал исломий тарбиядан бошлайман. Динимизда фарзанд тарбияси учун нима буюрилган бўлса, бажараман. Ўғлим Халиднинг биринчи сўзи Аллоҳ бўлган. Қуръонни ҳам танийди. Кейинги фойдаланадиганим — Монтессори методи.

Монтессори анъанавий таълим усулидан тубдан фарқ қилади, яъни боланинг олдида туриб унга нимани ўрганиши кераклигини айтмайсиз. Аксинча, болани ўз ҳолига қўясиз, машғулотлари билан ўзи андармон бўлишига имкон берасиз. Ўғлим Халид билан ҳар куни китоб ўқиймиз, Монтессори машғулотлари билан шуғулланамиз, сузишга, кутубхонага жонли эртак эшитишга борамиз.

Маърифат Нурматова

Германиянинг Гамбург шаҳрида яшайди. Уч нафар фарзанди бор

Чет элда бола тарбиялаш, оила мустаҳкамлиги инсоннинг дунёқараши, дину эътиқодига боғлиқ, албатта. Айрим мигрантлар Европа ҳаётини идеал тарзда қабул қилган ва улар учун бу қийинчилик туғдирмайди. Бизга ўхшаган, фарзандларини ўзбек миллий қадриятларига мос, соф диний эътиқодга муносиб тарбиялашни истаганлар учун бу хийла мураккаб.

Фото: Маърифат Нурматованинг шахсий архивиданФото: Маърифат Нурматованинг шахсий архивидан

Европада инсон эркинлигини энг олий қадрият. Кўчада кўп нарсага тўсиқ йўқ — қонунга зид бўлмаса, истаганингни қил: хоҳласанг либоссиз юр, махсус тиббий марказига бориб биргина укол билан ўлимингни буюртма қил, кўнглинг тусаса қулоқ-бурнингни кесиб ташла. Кўча-кўйдаги афиша-рекламаларда интим суратлар ғиж-ғиж. Давлатга солиқ тўлайдиган, хизматчилари вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтадиган, кексайганда пенсияга чиқадиган фоҳишахоналар гуллаб-яшнаган… Ана шундай эркин, глобал жамият.

Кўчадан уйга кириб келган болага эса уйдаги тартиб-интизом тўсиқ, чекловдек туюлади: «Салом бериб кир, қўлингни ювдингми, намозингни ўқидингми, дарсингни қил, стол устига ўтирма — нон қўйилади, тўхта, отанг келмасидан таомни бошлама». Бола учун кўча ва уй ҳаётини бир мувозанатда тутиш ота-онадан катта масъулият талаб қилади. Бунинг учун аввалбошдан тайёрланиш, худди ўзларидек интизомли оилалар билан доимий алоқада бўлиш керак.

Осон тарафи эса барибир юқорида баъзи жиҳатларини қоралаганим эркинликка бориб тақалади. Диндормисиз, соқолингиз борми ёки ҳижобда юрасизми, вегетариан, буддист, насроний ё атеистмисиз — аҳамиятсиз. Бу сизнинг ҳаётингиз. Юзингиздаги туклар узунлигини, либосингиз бичими билан биров қизиқмайди. Қолаверса, бола тарбияси билан фақат унинг ота-онаси шуғулланади, бошқалар аралашмайди.

Германияда қонундаги эркак ва аёл тенг ҳуқуқлиги амалда ҳам шундай, эҳтимол, аёллар ҳуқуқи устунроқ ҳам бўлса керак. Маош, уй ишлари, манфаатлар ҳам эркак ва аёл ўртасида тенг тақсимланади. Аммо бизнинг оиламизда ундай эмас. Хўжайиним асосий боқувчи, сўнгги сўз эгаси. Ўзимни бу инсон билан ҳифз-ҳимояда, эркинликда ҳис этаман. Оила бошлиғи мақоми ҳеч қандай инсоний ҳақ-ҳуқуқимни поймол қилмайди. Бизга оила тутумининг шу усули маъқул.

Авваллари Германия ҳақида гап кетса «Made in Germany» деган юқори сифат ва стандарт назарда тутиларди. Ҳозир бу таъриф олдига «Германия — социал давлат», «Ҳаёт суғурталанган мамлакат» деган ижобий жумлалар ҳам қўшилган. Айниқса, пандемия вақти давлат нақадар халқпарвар экани сезилди. Серфарзанд, ногиронлиги бор, ёлғиз она ёки ота, ишсиз, қочоқ, камбағал оилалар учун турли моддий ва маънавий ёрдамлар мавжуд.

Масалан, ҳар ой ёрдам пули берилади. Бунга қўшимча ижара пули, солиқлар, тиббий суғурта тўловлари, уй юмушлари учун ёрдамчи (шифокор тавсияси асосида), бепул курслар, семинар, саёҳатлар, ҳафтада бир марта бериладиган «Tafel» озиқ-овқат маҳсулотлари кабилар ҳам бор. Германия фуқаросимисиз-йўқми, аҳамиятсиз, Германияда яшаяпсизми, шу каби ёрдамларнинг барини олишингиз мумкин.

Германияда 2015 йилдан бери яшаётган бўлсак, уйда ўзбек тилида гаплашамиз. Аммо болалар ўйин вақти немисча гапириб юборади. Эшитиб қолсам, ошхонада бўлсам ҳам: «Ўзбекча!», деб эслатиб юбораман. Тил билан қадрият, дин, тарбия ҳам шаклланар экан. Ҳатто дакки бермоқчи бўлсак ҳам, немисчага ўгирсак кулгили ё жонсиз чиқади. Шу боис ака-ука уришаётган пайти бироз қош кериб, қулоқчасининг учидан аста ушлаб, ўзбекчасига «сиёсат» қилиб қўямиз.

Ўзбекистонда бўлганимда, менимча, ҳозиргидек тарбия беролмасдим. Чунки табиатан жуда таъсирчанман, майда-чуйда гапларга ҳам диққат-эътиборимни йўқотаман ва анчагача ўзимга келолмайман. Бу мени оналик вазифамдан чалғитади. Қолаверса, Ўзбекистонда келинларнинг рўзғордан вақт орттириши қийин. Касаллик, оилавий уруш-жанжаллар ҳам эзиб қўяди. Немислар «фарзанд тарбияси мураккаб касб» дейди. Аммо биздаги муҳит тоза, жамоат эътибори аҳамиятли. Бизда ҳали ҳам бухорийлар, берунийлар туғилмоқда, аммо уларнинг оналари рўзғорга ўралашиб, ўзидан ортолмагани учун истеъдодлар рўёбга чиқолмаяпти. Онадек кучли устоз, репетитор ҳеч қаерда йўқ деб ўйлайман.

Рости, суҳбат чоғи мақтаниш осон. Назаримда, фарзанд тарбиялаш учун тарбиячининг ўзи тарбияли бўлиш керак. Ўзимни тарбиялаб, хатоларим устида ишлаб келяпман. Европадаги боланинг шахсиятини ҳурмат қилган ҳолда, айб қилса, ўзини эмас, хатосини жазолаш, «Сен ёмонсан», эмас, «Бу қилган ишинг ёмон», соғлом овқатлантириш, гигиенасига мунтазам эътибор бериш, тарбияда дадаси билан икки томонга бўлинмай, гапни бир ёқдан чиқариш каби услубларни ўрганган бўлсам керак. Ўзбекчасига сал қаттиққўллик, оила, ота-онага ҳурмат, ёшлар ўртасидаги муносабатларда фарқ, диний эътиқодда мустаҳкамлик, меҳнаткашлик, тежамкорлик, жасурлик каби қадриятларни ҳам баравар ўргатиш пайидаман.

Яқинда дадаси билан бирга қатнай бошлаганимиз, ота-оналар учун мўлжалланган «Neue Beziehung, Neue Autorität» («Янги тарбия, янги авторитет») курси тугайди. Курсимиздаги немис ота-оналарининг бола тарбияси муаммолари ҳақидаги ҳикояларини тинглаб, хўжайинимдан аввал эшитмаган мақтовларни эшитиб, «5» баҳо олиб қайтяпман. Сочларини чангаллаб, вазиятни тасвирлаётган ота-оналарнинг хатоларини умумий қилиб ўзбекча тушунтирсам: улар болаларини елкага чиқарган, болалар эса бошга чиқиш йўлини ўзи топиб олган. Албатта, бу ҳамма олмон оилаларига тааллуқли эмас.

Хулосам шуки, қаерда яшаманг, ўзимизнинг чапани тарбиядан қўймасин экан!

Малоҳат Адҳамова

Жанубий Кореяда 6 йил яшаган. Икки нафар фарзанди бор. Ҳозирда Андижон давлат чет тиллари институти Халқаро ҳамкорлик бўлими координатор мутахассиси

Хорижда фарзанд ўстиришнинг ижобий тарафлари кўп. Аввало бола камида икки тилда мулоқот қилиб улғаяди. Турли маданиятлар билан танишади. Масалан, биз Кореяда Миср, Покистон, Индонезиядан келган мусулмон оилалар билан кўпроқ борди-келди қилганмиз.

Фото: Малоҳат Адҳамованинг шахсий архивиданФото: Малоҳат Адҳамованинг шахсий архивидан

Жанубий Кореяда болалар уч ойлигидан бошлаб боғчага қабул қилинади ва одатдаги парваришдан ташқари уларга турли интерактив ўйинчоқлар билан Монтессори методи асосида дарс ҳам ўтилади. Қизларим кун давомида нималар қилгани, ўргангани, соғлиғи, кайфияти ҳақида боғчадан расмлари билан бирга кунлик ҳисоботи ҳам келарди. Боғчага келиш ва кетиш вақти ҳам алоҳида хабар шаклида юбориларди. Суғурта тизими самарали йўлга қўйилгани ҳисобига тиббий хизматлар арзон тушарди. Менга энг ёққани, кичик ёшдаги болаларга имкон қадар кам ва кучсиз дори буюрилади. Бола организми касаллик билан табиий равишда курашсин дейилади. Оддий шамоллаш билан докторга борсак, кўрик ва дори нархи ўртача 8 долларга тушарди.

Салбий томонига келсак, бола кичкиналигидан ҳалол-ҳаром фарқига боролмагани учун еяётган луқмасини назорат қилиш қийин. Боғчага борадиган бўлса, устозларига тушунтириб, менюсини доимий текшириб туриш керак.

Елкага тушадиган масъулият Ўзбекистондаги ота-онаникидан кўпроқ. Бобо-буви кўмагисиз фарзанд тарбиялаш керак бўлади-да. Вазифалар тақсимланиши оилавий муҳитга боғлиқ. Жанубий Кореяда оталар ҳам тарбия жараёнида тенгма-тенг иштирок этади. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни оила куни этиб белгиланган ва ташкилотларда шу куни ишчилар камроқ ишлайди — оиласига кўпроқ вақт ажратсин дейилади. Оталар фарзанди билан сайрга чиққани, бирга ўйнаётганини кўриб ҳавас қиласиз. Бизнинг оиламизда ҳам дадамиз оилани таъминлашгина эмас, қизлар тарбиясига, улар билан вақт ўтказишга доим ҳаракат қилади.

Жанубий Кореяда туғилиш камайиб, аҳоли сони йилдан йилга қисқариб кетаётгани сабабли оилаларни фарзандли бўлишга тарғиб қилувчи, фарзандлиларга эса кўплаб ёрдам дастурлари мавжуд. Булардан чет эллик оилалар ҳам бенасиб қолмайди. Масалан, корейс ёки чет эллик ҳомиладор аёлга шифокор ҳомиладорликни тасдиқлагач, ҳисобида пул билан махсус карта берилади. Ушбу картадан ҳомиладорлик кўриклари, витамин ва дорилар олишда фойдаланасиз (битта ҳомила бўлса, тахминан, 755 доллар, эгиз ҳомилага 1050 доллар пул берилади).

Шаҳар маркази, туғуруқхоналардан узоқда яшайдиган ҳомиладор аёлларга алоҳида йўлкира пули (225 доллар) ҳам берилади. Бунинг учун яшаш жойидаги поликлиникага учраб, ариза ёзиш кифоя. Яна яшаш жойидаги поликлиникадан тегишли ҳужжатлар билан рўйхатдан ўтиб, бепул қон кўпайтирувчи витамин ва турли совғалар, ҳомиладорлик тасмасини олиш мумкин.

Бундан ташқари, корейс оилалари бола туғилиши билан давлатдан 1500 доллар миқдорида суюнчи пули олади. Корейс оилалари ёки корейс фуқароси билан турмуш қурган чет эллик туғуруқдан кейин текин ёрдамчи хизматига оила марказлари орқали ариза топшириши мумкин. Ёрдамчи янги онага фарзанд парвариши ва уй ишларида кўмаклашади.

Корейс оилалари учун болалар боғчаси (ясли) текин. Яъни ҳар ой бериладиган бола пули боғчага тўланади. Чет эллик оилалар учун ҳам 2023 йилдан бошлаб мактабгача тайёрлов масканлари текин бўлди.

Таъкидлаб ўтай, мактаб ёшидаги фарзандлари билан Кореяга кўчиб келаётган чет эллик оилалар боланинг тил билмаслиги ва шу туфайли ўқишда ўзлаштиришга қийналишидан хавотирланишади. Корея мактабларида шундай болалар учун тил ўргатувчи ва вазифаларига ёрдам берувчи махсус ўқитувчи бўлади. Шунинг учун қисқа муддатда бола тилни ўрганиб, мактабда фанларни ўзлаштиришга қийналмайди.

Ўзим уйда қизларим билан ўзбекча, инглизча гаплашаман. Адабий тил меъёрларига риоя қилишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонга қайтганимиздан кейин қизларим муҳитга мослашишда сал қийналди. Кореядаги устозлари, дўстларини соғинди, ўзимиздаги боғчаларга кўниколмай, болалар билан дўстлашолмай юрди. Энг кутмаганим, ўртоқларидан ўзбек тилидаги сўкинишларни ўрганибди. Биринчи марта эшитганда қотиб қолдим. Кичик қизим қийналганидан тўрттагача боғча алмаштирдик. Кўча-кўйда чиқинди қутилар камлиги болаларимни ҳайрон қолдираверди. «Нега ҳамма кўчага ташлаб кетяпти?» деб сўрайверарди. Хархаша қилишни билмасди — шундай қилиқларни ўрганди.

Тарбияда меъёрни ушлашга ҳаракат қиламан. Жуда қаттиққўллик ҳам, юмшоқфеъллик ҳам қилмайман. Ниманидир мустақил ўрганаман деса, ихтиёрига қўяман. Танловига имкон бераман. Ҳар доим ўзим қилиб беришга ҳаракат қилмайман. Интернет, китоблардан фарзанд тарбияси ҳақида кўп мақолалар ўқийман ва тўғри деб билганларимни амалда қўллайман.