Тошкент шаҳридаги Амир Темур кўчасининг бир қисми номаълум муддатга ёпилди, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, айни кунларда «Ҳудудий электр тармоқлари» аксиядорлик жамиятининг шаҳар филиали пойтахтнинг электр таъминоти тизимини узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида реконструкция ва қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Хусусан, Амир Темур кўчаси бўйлаб ҳам янги электр тармоғи қурилиши олиб борилади. Шу муносабат билан, 15 майдан то қурилиш ишлари якунлангунига қадар Амир Темур шоҳ кўчасининг Нукус кўчаси билан кесишмасидан Амир Темур кўчаси бўйлаб Шаҳрисабз кўчаси кесишмасигача бўлган оралиқда йўлнинг бир тасмаси вақтинча ёпилади.