Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган эркак кишининг ИИО ходимларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Видеода фуқароларнинг «акамни уряпсизку», «погонини ечиб ташлади», «чакагимга урдингиз, мен сизни уролмайманда», деган гаплари эшитилади. Шунингдек, ИИО ходимлари хонадан чиқишга уринган эркакка қаршилик кўрсатганини кўриш мумкин.

Қайд этилишича, 14 май куни тахминан соат 18:00 атрофида пойтахт ЙҲХБ ходимлари Шайхонтоҳур туманидаги жарима майдончаларидан бирига 1986 йилда туғилган И.Д. томонидан ҳеч қандай хужжатларсиз бошқариб юрилган Toyota автомашинасини маъмурий баённома асосида олиб келган.

Бироқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида И.Д. жамоат тартибини бузиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармай, уларга нисбатан қаршилик кўрсатган.

Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО томонидан фуқаро И.Д.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан фуқарога нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.