12 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судида метрода қиз болага шаҳвоний шилқимлик қилган йигит беш суткага қамалди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, 10 май куни 24 ёшли хоразмлик шахс «Чилонзор метро» йўналишидаги электропоезд вагони ичида ўзи танимаган вояга етмаган қизнинг танасига тегиниб шилқимлик қилган. Қиз бу ҳақда дарҳол вокзал ходимларига хабар берган, ҳуқуқбузар қўлга олинган.

Шахс ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини айтиб, суддан жазони енгиллаштиришни сўради. Жабрланувчи, ўз навбатида, унга тегишли жазо берилишини талаб қилди.

Дастлабки тергов органлари йигитнинг ишини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) сифатида квалификация қилди. Бироқ раислик қилувчи судья уни 41−1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан айбдор деб топди. Бунда унинг муқаддам ҳам маъмурий жавобгарликка тортилганлиги, унинг ҳаракатларида жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини инобатга олинди.

Суд ҳукми билан айбланувчи беш суткага озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, шахсдан озиқ-овқат пуллари сифатида давлат даромадига 225 минг сўм ундиририш белгиланди.

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси суд қарорига нисбатан ўз фикрини билдирди:

Судья Қурбоновнинг эътиборлилиги қувонтиради, у ишнинг нотўғри квалификация қилинганига эътибор қаратди ва уни яқинда қабул қилинган «Шаҳвоний шилқимлик қилиш» моддасига қайта таснифлади. Бу ҳуқуқбузарликнинг алоҳида тури ва одамлар буни қонун билан жазоланишини билишлари керак", — дея ёзади Nemolchi.uz лойиҳаси.