Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳарорат пасайиб боради

1−5 май кунлари Қозоғистондан Ўзбекистонга нисбатан кучсиз салқин ҳаво оқими кириб келиши ҳисобига ҳарорат бироз пасаяди. Кундузи ҳарорат +25…+30 даража атрофида бўлиб, айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Референдумда қатнашганларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз берди

Дастлабки маълумотларга кўра, якшанба куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этди, деди МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев. Конституцияга ўзгартириш киритишни ёқлаб сайловчиларнинг 90,21 фоизи овоз берди, 9,35 фоизи қарши чиқди.

МСК 3 та референдум участкасида овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топди

Марказий сайлов комиссияси референдум жараёнида қонунбузарлик кузатилган Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган 3 та референдум участкасидаги овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топди.

Янги таҳрирдаги Конституция 1 майдан кучга кирди

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат бўлади.

Президент давлат қарзи тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент имзолаган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, бу кўрсаткичнинг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60% этиб белгиланди. Уни самарали бошқариш учун 3 йиллик стратегия тасдиқланади. 2023 йил 1 январь ҳолатига, давлат қарзи 29,2 млрд долларга (ЯИМга нисбатан 36,4 фоиз) етган.

Тошкентда иккита «гармошка» автобуснинг газ баллонлари дарахтга тегиб, қопламаси чиқиб кетди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жамоат транспортига ажратилган йўлда ҳаракатланган 2 янги «гормошка» автобусининг газ баллонни ҳимоялаб турувчи қопламаси дарахтга урилиб, қўпорилиб тушди. «Тошшаҳартрансхизмат» ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилиб, камчиликни бартараф этганини маълум қилди.

Кешбэклардан фойдаланса бўлади — Фатво маркази

Ижтимоий тармоқларда ишлатилган маблағнинг маълум қисми қайтариб берилиши, яъни кешбэк олиш Ислом динига зидлиги борасида видео тарқалганди. Фатво маркази бундай хулосани рад этиб, улардан фойдаланиш мумкинлигини билдирди.

Турфирма ёки агентликлар ташкил этаётган ҳаж тадбирлари ноқонуний — Диний қўмита

Дин ишлари бўйича қўмита тармоқларда ҳажга жўнатишга оид асоссиз маълумотлар тарқатаётган турфирмалардан огоҳлантирди. Бу вазифа қўмита ва Мусулмонлар идораси зиммасига юклангани эслатилди. Ноқонуний сафарлар учун Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва 10 йилга киришни тақиқлаш жазоси кўзда тутилган.

Ўзбекистон БМТнинг Россия тажовузкорлиги қайд этилган резолюциясига овоз беришда бетараф қолди

БМТ Бош ассамблеясининг Европа кенгаши билан ҳамкорлиги тўғрисидаги резолюция 122 та овоз билан қабул қилинди, унда Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги тилга олинган. Қозоғистон, Хитой ва Туркия резолюцияни қўллаб-қувватлади, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бетараф қолди.

Ўзбекистонда апрель ойида инфляция 0,8 фоизни ташкил этди

Апрель ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар 0,5 фоизга қимматлашди. Маҳсулотлар орасида помидор нархи 21,3 фоизга, гуруч 14,1 фоизга, сабзи 13,2 фоизга ва шакар 10,5 фоизга ошди.

1 майдан БҲМ 330 минг сўм этиб белгиланди

Ўзбекистонда 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 980 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори 330 000 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган фоторепортаж:

Фото: Референдумга борган кексалар, болалар ва келин-куёвлар

Ўзбекистонда 30 апрель куни янги таҳрирдаги Конституцияга овоз бериш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. «Газета.uz» овоз бериш жараёнида қатнашган кексалар, болалар ва келин-куёвлар суратларини жамлади.