1 май куни Tashkent_land Telegram-каналида 24-сонли «гормошка» автобусининг том қисмидаги газ баллонни ҳимоялаб турувчи қопламаси йўлнинг қатнов қисмига тушгани акс этган сурат ва видео жойлаштирилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг маълум қилишича, ушбу автобус эрталаб Юнусобод туманида автобуслар учун ажратилган йўлакда кетаётган вақтда, диаметри тахминан 50−60 см бўлган дарахт автобуснинг том қисмида жойлашган газ баллонни ҳимоялаб турувчи қопламасига теккан. Натижада мазкур ҳимоя қопламасини қўпориб юборган.

Ҳодиса сабаб автобуснинг том қисми техник шикастланиб, газ баллонни ҳимоялаб турувчи қоплама шикастланган. Ҳолатда тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига мурожаат қилиниб, камчиликлар бартараф этилган, дейилади хабарда.

Кейинроқ ўша канал янги видеоларни ҳам эълон қилди, унга кўра, 26 апрель куни 93-йўналиш автобусида ҳам худди шундай воқеа содир бўлган. Унда автобусдан тушиб кетган корпус автомобилнинг олд қисмига тегиб кетган.