Марказий сайлов комиссияси 8-Сирдарё вилояти округи ҳудудида жойлашган 226-сонли, 10-Тошкент округида жойлашган 651-сонли ва 14-Тошкент шаҳар округи ҳудудидаги 772-сонли референдум участкасида кузатилган қонунбузарлик сабаб ушбу участкаларнинг якуний натижаларини ҳақиқий эмас деб топди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда МСК котиби Худоёр Маматов қонунбузарлик ҳолатлари бўйича маълумот берди. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мониторинг тизими орқали қуйидаги камчиликлар аниқланди.

Биринчиси, Сирдарё вилоятидаги 226-сонли референдум участкасида соат 19:30 ларда комиссия аъзолари томонидан бюллетенлар овоз бериш қутисига ташланаётгани ҳолати кузатилган. Ушбу участкада 2671 нафар овоз берувчи фуқаро рўйхатдан ўтказилган.

Иккинчиси, Тошкент вилоятидаги 651-сонли референдум участкасида комиссия аъзолари томонидан овоз берувчи фуқарога бюллетенлар ишлатиб бўлингани маълум қилинган. Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими (СЖБАТ) орқали ўрганилганда ушбу участка бойича соат 18:00 ҳолатига овоз берувчиларнинг иштироки 100 фоизни ташкил этгани қайд этилган. Ваҳоланки, ушбу участка бўйича овоз бериш якунлари ҳақида тузилган баённомада фойдаланилмаган бюллетенлар сони 646 тани ташкил этган.

Учинчиси, Тошкент шаҳридаги 772-сонли референдум участкаси комиссия аъзоси 16 та бюллетендаги «Ҳа» вариантига белги қўяётган видео тарқалди. Ўрганиш давомида комиссия аъзоси бўлган фуқаро бюллетенларни қариндошларининг номидан тўлдираётгани ҳақида важ келтириб ўтган.

««Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасига биноан, овоз бериш чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли овоз бериш якунлари Марказий сайлов комиссияси томонидан айрим участкалар бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин ҳамда улар бўйича овоз бериш натижалари умумий натижалардан чиқариб ташланиши лозим», — дея маълум қилди Худоёр Маматов.

Унинг қайд этишича, юқоридаги қоидабузарликлар қуйидаги асосларга кўра ушбу участкалардаги овоз бериш натижалари ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олади:

  • Қоидабузарликлар овоз бериш чоғида амалга оширилгани туфайли уларни бартараф этиш имкони мавжуд эмас;
  • Чирчиқ шаҳридаги ҳолат бўйича бюллетенларни асосланмаган тарзда сарф қилингани ва Сирдарё туманидаги ҳолатда эса бюллетенларни овоз бериш қутисига комиссия аъзолари томонидан очиқчасига ташлаш кўзга ташланиб тургани;
  • Олмазор туманидаги ҳолатда эса қоидабузарлик орқали бюллетенларни овоз бериш қутисига ташланган ёки ташланмаганини баҳолаш имконсизлиги.

«Қайд этиб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мазкур участкалардаги овоз бериш натижалари референдум ҳақиқий деб топилишига тўсқинлик қилмаслигини инобатга олиб кўрсатиб ўтилган участкалардаги овоз бериш натижаларини МСК қарори билан бекор қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Агарда биз мазкур участкалардаги натижаларни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилсак, қонун талабига асосан, ушбу участкалардаги овоз бериш натижаларини тегишли округ комиссияларида овоз бериш натижалари жамланган умумий натижалардан чиқаришимиз лозим бўлади», — деди МСК котиби.

МСК комиссия аъзолари ушбу участкалардаги овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топди.