Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ижтимоий тармоқларда ҳаж сафарига жўнатишга оид хизматлар тўғрисида асоссиз маълумотлар тарқатилаётгани сабабли ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий сафарни адо этишга чақирди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабарида сўз боради.

Таъкидланишича, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича жамоатчилик кенгаши бор ва унда бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси аъзолари ҳам мавжуд.

️Мазкур ташкилотлар Саудия Арабистонидаги тегишли вазирликлар ҳамкорлигида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи муассасалар, меҳмонхоналар, транспорт ва озиқ-овқат корхоналари билан шартномалар ҳам тузади.

Шу боис, ҳаж ва умра мавсумларида Саудия Арабистонига бориш, у ерда бўлиш ва қайтиш масалаларини Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси бажаради.

Бундан ташқари, ҳаж сафарини амалга ошириш Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Бу Саудия Арабистони қонунчилигида ҳам белгиланган. Мазкур келишувлар асосида ташкил этилмаган ҳаж зиёратига уриниш ушбу амалнинг энг муҳим рукнлари бўлмиш — Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятини бермайди, дейилади хабарда.

Саудия Арабистони ҳудудида ҳаж тартибларини бузиш ушбу мамлакат қонунчилиги асосида чора кўрилишига олиб келади. Шу боис ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди. Улар томонидан ҳаж ибодатини ташкил этишга уриниш эса амалдаги қонун ҳужжатларига зид.

Қайд этилишича, сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100 минг саудия риёли (26 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.

«Биз ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоримиз. Сиздан турли алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли сафарни адо этишни сўраймиз», дея келтирилади қўмита хабарида.