26 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси БМТ ва Европа кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича резолюцияни қабул қилди, унда Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги ҳақида сўз борган.

Украинанинг БМТдаги доимий вакилининг айтишича, Россия резолюциядан Украинага қарши тажовуз ҳақидаги эслатмани чиқариб ташламоқчи бўлган, аммо ҳужжат 122 та овоз билан қабул қилинган. Қарор Қозоғистон, Хитой ва Туркия томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Резолюцияга Россия, Беларусь, Никарагуа, Сурия ва Шимолий Корея қарши чиққан. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва яна 15 та давлат бетараф қолган.

бмт, россия, резолюция, украина, европа кенгаши

Резолюциядаги қуйидаги банд Россиянинг тажовузкорлигига ишора қилади:

«…Россия Федерациясининг Украинага, ундан олдин эса Грузияга қарши тажовузидан кейин ва федерациянинг Европа кенгашидаги аъзолиги тўхтатилганини ҳисобга олиш керак. Бугун Европа дуч келаётган мисли кўрилмаган муаммолар БМТ ва Европа кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, ҳар қандай давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигини ҳурмат қилиш асосида тинчлик ва хавфсизликни зудлик билан тиклаш ва қўллаб-қувватлаш, ҳарбий ҳаракатлар пайтида инсон ҳуқуқлари, халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилишни таъминлаш учун жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш ҳамда халқаро ҳуқуқни бузган барча айбдорларни жавобгарликка тортиш талаб қилинади».