Апрель ойида инфляция 0,8 фоизни, 2022-йил декабрига нисбатан 3,3 фоизни, йиллик кўрсаткичда (ўтган йилнинг апрелига нисбатан) 11 фоизни ташкил этди, дейилади Статистика агентлиги ҳисоботида.

Ой давомида товарлар нархининг ўсиши 0,9 фоизни, хизматлар нархининг 0,5 фоизни ташкил этди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич мос равишда 3,6 ва 2,2 фоизга етди. Йиллик нисбатда кўрсаткич 11,7 фоизни ва 8,6 фоизни ташкил этди.

Апрель ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, йил бошидан мос равишда 4,7 ва 2,2 фоизга, йиллик қийматда 13,7 ва 9,3 фоизга қимматлашди.

Апрель ойида, йил бошидан бери биринчи марта сабзавотлар, илдизмевали ва дуккакли экинлар нархи 0,8 фоизга пасайган. Хусусан, бақлажон (0,7 фоиз), турп (1,4 фоиз), қовоқ (2,4 фоиз), картошка (2,8 фоиз), кўкатлар (3 фоиз), қалампир (4 фоиз), пиёз (12,4 фоиз) ва бодринг (52,9 фоиз) нархи арзонлашган. Шу билан бирга, лавлаги (4,1 фоиз), саримсоқ (4,5 фоиз), карам (7,8 фоиз), сабзи (13,2 фоиз), помидор (21,3 фоиз) ва банан (39,6 фоиз) қимматлашган.

Ой давомида гўшт 1,4 фоизга, сут 2,5 фоизга, мева ва ёнғоқлар 5,4 фоизга, шакар 10,5 фоизга, гуруч 14,1 фоизга қимматлашган. Тухум 4,3 фоизга, кунгабоқар ёғи 4,5 фоизга, ун 2,4 фоизга арзонлашди.

Апрель ойида кийим-кечак 0,5 фоизга, пойабзал 0,4 фоизга қимматлашди.

Таъмирлаш материаллари нархи 2,1 фоизга қимматлашди, Ўзбекистоннинг икки вилоятида маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўловлар 8,8 фоизга ошгани қайд этилди, бироқ республика бўйича ўртача ойлик кўрсаткич 1,7 фоизни ташкил этди. Ижара уй-жой хизматлари 0,1 фоизга камайди.

Апрель ойида дори воситалари 1,9 фоизга, стоматология хизматлари 0,1 фоизга, амбулатор даволаниш 2,2 фоизга, диагностика ва тиббий лаборатория хизматлари 0,3 фоизга қимматлашди.