30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 1 майдан кучга кирди, дея хабар бермоқда Марказий сайлов комиссияси.

Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

Қонунга кўра, Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказилгандан кейин 10 кундан кечиктирмай ўз қарорини расмий веб-сайтда ва расмий манбаларда эълон қилади. Референдумда қабул қилинган қарор (қонун) Марказий сайлов комиссияси референдум натижалари расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Референдум якунлари расмий эълон қилинган куни қарор ижросини ташкил этиш учун Олий Мажлис палаталари ва президентга юборилади.

1 май куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистонда ўтган референдумнинг якуний натижаларини эълон қилганди. Референдумда сайловчиларнинг 84,5 фоизи қатнашган (аввал 84,54 фоиз деб хабар берилганди). Рўйхатга киритилган 19 722 809 сайловчидан 16 667 097 нафари (16 673 189 нафари) овоз берди. Улардан 611 320 нафари муддатидан олдин овоз беришда қатнашди.

Овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 90,2 фоизи (90,21 фоизи) ёки 15 034 608 нафари (15 040 055 нафари) ёқлаб, 9,35 фоизи ёки 1 558 817 нафари (шунингдек 9,35 нафари) ўзгаришга қарши овоз берган. Яроқсиз деб топилган бюллетенлар сони 73 672 та (73 934 та) ёки 0,44% ни ташкил этди.