Интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш бўйича миллий ахборот тизимини жорий қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори очиқ муҳокамаларга қўйилди.

Президентининг жорий йил августидаги ПҚ-357-сонли ҳамда 2018 йил ноябрдаги ПҚ-4024-сон қарорларига мувофиқ, Интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш — «teznet.uz» миллий ахборот тизимини жорий этиш таклифи берилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад — интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини замонавий IT-воситаларини қўллаган ҳолда мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш.

Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар биргаликда:

  • 2023 йил 1 февралга қадар, маълумотларни узатиш, шу жумладан Интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини ўлчаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиши;
  • 2023 йил 10 июлга қадар «teznet.uz» миллий ахборот тизими техник ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ҳамда белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши;
  • 2023 йил 1 сентябрга қадар тизимни дастлабки босқичда синов тарзда ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 2023 йил 1 ноябрга қадар давлат стандартлари ҳамда ахборот ва киберхавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, «teznet.uz» миллий ахборот тизими веб-сервис ва мобил иловасини ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминланиши белгиланмоқда.

Бунда «teznet.uz» тизими веб-сервис ва мобил иловасини очиқ манбаларда жойлаштирилади ҳамда тизим орқали интернет тармоғига уланган абонентлик қурилмалари ёрдамида интернет хизматлари сифати ва узатиш тезлигини мустақил ўлчаш имкониятини яратилади

Қолаверса, тизим орқали амалга оширилган ўлчов ва таҳлил натижалари, маълумотларни узатиш ва мобил алоқа тармоқларида кўрсатиладиган интернет хизматлари сифати кўрсаткичларини баҳолаш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, жамоатчилик назорати кўламини кенгайтириш бўйича ахборот тизими веб-сервис ҳаволасини ва мобил иловасини очиқ манбаларда ҳамда интернет хизматларини кўрсатувчи компанияларнинг расмий сайтларида жойлаштирилиши ҳам белгиланган.

«Киберхавфсизлик маркази» ДУК тизимнинг веб-сервис ва мобил иловасини, техник топшириқ ҳамда ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан истисно тариқасида бепул экспертиза ва сертификациядан ўтказиши кўзда тутилган.