Ўзбекистонда матнларни ўқиб берадиган ўзбек нутқ синтезатори яратилмоқда. Дастурга «Мухлиса» деб ном бериш режалаштирилган. Бу ҳақда 21 октябрь куни ўтказилган Сенат Кенгаши мажлисида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланиши учун мослаштиришга қаратилган йиғилишда қатнашган Кўзи ожизлар жамияти бошқарув раиси Эргаш Норпўлатов кўзи ожизлар учун ўзбек нутқ синтезатори яратиш таклифини илгари сурди.

Фото: Сенат матбуот хизмати.

«Кўзи ожизлик ногиронликнинг энг юқори формаси [ҳисобланади]. Қўлимиз ва оёғимиз бутун бўлиши мумкин. Лекин кўзимиз ожизлиги туфайли бир қадам олдинга ташлолмаймиз ёки столда турган бирор нарсага қўл узата олмаймиз. Шунинг учун бизга ўзбек тилидаги овоз синтезатори ҳозир жуда зарур бўляпти», — деди у.

Унинг қайд этишича, бундай синтезаторни яратиш президентнинг 2017 йил 1 декбарда қабул қилинган фармони билан тасдиқланган давлат дастурида ҳам кўрсатилган. Бу борада ишлар амалга оширилган.

«Янглишмасам, унга бир миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган. Лекин синтезатор мукаммал яратилмаган. Ҳозир ҳамма ишлатадиган телефон рус ёки инглиз тилида гапиради. Лекин ўзбек тилида гапирмайди. Биз ўзбек синтезаторини яратсак, кўзи ожизлар ахборот олиш имкониятига эга бўлади, уларнинг ҳаракатланишидаги чекловлар ҳам анча бартараф этилади», — дея қўшимча қилди жамият раиси.

Эргаш Норпўлатов мисол тариқасида Россия тажрибасини гапирар экан, у ердаги кўзи ожизлар GPS тизими орқали бемалол ўзи ҳаракатланиши, тўсиқ ёки чуқурлик олдига келганида, бу ҳақда дастур томонидан огоҳлантирилишини таъкидлади.

«Ўзбекча овоз синтезаторини яратишга млрд сўм керак эмас. Яқинда жамият бу бўйича ҳисоб-китоб қилди. Агар Россия билан ҳамкорликда ишласак, 250 млн сўмга яқин маблағ кетаркан. Бу дастур амалга ошса, кўзи ожизлар ҳаракатидаги кўп чекловлар ҳал бўларди», — деди у.

Мазкур таклиф бўйича ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов жавоб бераркан, бу борада амалий ишлар бошланганини маълум қилди.

«Эргаш Жўраевич жуда муҳим масалани гапирди. Интернетда овозли ёрдам берадиган дастурлар жуда кўп. Бу нарсалар анча олдин бошланган. Лекин уларнинг кўпи рус ёки инглиз тилида. Ўзбек тилидаги вариантлари ҳам қилинган. Аммо сифатсиз, акцент билан гапирадигани чиққан», — деди вазир.


Фото: Сенат матбуот хизмати.

Унинг айтишича, лойиҳа прототи 24−27 октябрь кунлари Самарқандда ўтказиладиган ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасидаги кўргазмада намойиш этилади.

«Кўпчилик яхши билади, рус тилида „Алиса“ деб номланган таржимон дастур мавжуд. Биз ўзбекча вариантини „Мухлиса“ номи билан аташни режалаштирганмиз. Бу ерда иккита масала бор. Биринчиси, мавжуд матнни овозли тарзда ўқиб бериш, иккинчиси эса овозни матнга айлантириш», — деди Шерзод Шерматов.

Таъкидланишича, прототип аллақачон ишлаб чиқилган. «Аммо тегишли дастурларга мослаштириш учун барибир озгина вақт кетади. Булар [Кўзи ожизлар жамияти] билан биргаликда ишлаймиз. Биринчи навбатда қайси дастурларга айнан ўзбек тилида овозни чиқариб бериш керак бўлса, ҳамкорликда ёрдам берамиз», — деди Шерзод Шерматов.