Ўзбекистонда 2024 йилги Ҳаж мавсуми 23 майдан бошланади, Саудия Арабистонига 7 июнга қадар ҳар куни авиақатновлар амалга оширилади. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатнинг 10 та ҳудудий аэропортидан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри авиарейслар орқали зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади. Бу йўналишлар: Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоий шаҳарларидир. Барча парвозлар Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Таъкидланишича, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши жорий мавсумга тайёргарлик ишларини турли йўналишларда давом эттирмоқда. Жумладан, зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, гуруҳ раҳбарларини бириктириш, сафар олди машғулотлар ўтказиш, шифокорлар ва ошпазлар гуруҳини жалб этиш ҳамда сафар ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари якунига етказилмоқда.

«Шу кунларда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж арконлари ҳақида суҳбат қилмоқда. Ҳар бир зиёратчига „Ҳаж — буюк ибодатдир“ номли қўлланма, сумка, нимча кабилар тақдим этилмоқда», — дейилади хабарда.

Ушбу мавсумга пухта тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига етиб бориб, айни кунларда барча ташкилий ишларни бажараётганини қайд этилди.