Ўзбекистон МДҲ доирасида эркин савдо тартибидаги мавжуд чекловларни тўлиқ бекор қилишга тайёр. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Остонада бўлиб ўтган Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

«Ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкор бартараф этиш юзасидан амалий чоралар қабул қилишимиз зарур. Биз бу ҳақда жуда кўп гапирдик. Энди амалий ҳаракатларга ўтиш вақти келди», — деди давлат раҳбари МДҲ давлатларининг ҳозирги шароитда Ўзбекистоннинг қарашларидан келиб чиққан ҳолда умумий вазифалари ҳақида гапирар экан.

«Биз, шунингдек, 2009 йилдаги Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига қўшилиш тўғрисида қатъий қарор қабул қилдик. Ҳамдўстликдаги ҳамкорларимиздан ҳам ана шундай ҳаракатларни кутиб қоламиз», — деди у.

У қабул қилинган МДҲнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган иқтисодий тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мақсадида турдош вазирларга ўзаро савдо ўсишини рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда, бир ой муддатда маслаҳатлашувлар ўтказишлари юзасидан топшириқ беришни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев дунёдаги вазиятни таърифлар экан, «кучайиб бораётган танглик ва стратегик ноаниқлик, замонавий дунё тартиботининг асослари ва тамойилларига путур етаётганини»ни таъкидлади.

«Озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигига қарши таҳдидлар хатарли даражага етиб, кўплаб минтақаларда ижтимоий тебранишлар ва беқарорлик ҳолатларини келтириб чиқармоқда. Афсуски, Ҳамдўстлик макони ҳам бундан четда қолаётгани йўқ. Ушбу салбий тенденцияларнинг барчаси барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган умумий ҳаракатларимизга тўсқинлик қилмоқда», — деди президент.

«Кўриниб турибдики, бундай кенг кўламдаги муаммоларни фақатгина биргаликда ҳал этиш мумкин. Айнан шунинг учун биз МДҲ майдонидан максимал даражада фойдаланишимиз — ташкилотимизнинг мавжуд салоҳиятини чуқур таҳлил қилишимиз ва кўп қиррали ҳамкорликнинг бутун имкониятларини ишга солишимиз лозим», — деди у.

Бундан ташқари, президент озиқ-овқат хавфсизлиги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши бўлиб қолаётганини қайд этди. Нарх-навонинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида МДҲ маконида озиқ-овқат маҳсулотлари тўсиқларсиз етказиб берилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлиги ҳақида гапирди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз ҳамкорларини узоқ муддатли фючерс шартномаларини тузиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, эртапишар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга тайёр. Ўз навбатида, мамлакат ғалла, ёғ-мой ва озуқабоп экинларнинг кафолатланган тарзда етказиб берилишидан манфаатдор.

«Мамлакатларимизнинг транспорт тизимига бўлган жиддий таҳдидларни инобатга олган ҳолда, янги логистика йўлакларини ҳамкорликда ривожлантириш ғоят муҳим, деб ҳисоблаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бу ўринда гап Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар ҳамда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлларини қуриш бўйича лойиҳалар ҳақида бормоқда. Ушбу йўллар МДҲ трансконтинентал транспорт ташувларининг муҳим занжирига айланишига кўмаклашади ҳамда юкларни олиб ўтишнинг муддати ва нархини бир неча баробар қисқартириб, амалдаги йўналишларни изчил тўлдириб боради», — дея таъкидлади президент.

«Ишончим комилки, трансмиллий йўлакларнинг кўпвариантли бўлиши Ҳамдўстлик давлатлари маҳсулотлари учун кенг кўламли янги бозорларни очади», — деди Шавкат Мирзиёев.