Ҳукумат қарори билан 15 октябрь куни «Республиканинг сейсмик фаол зоналарида қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Низомга кўра, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлангандан кейин улар хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектлар (энг юқори хавфлилик омилига эга бўлган объектлар)га зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар олиш ҳамда экспертизадан ўтказиш учун буюртмачи ташкилотлар томонидан Қурилиш вазирлигига тақдим этилади.

Шундан сўнг, қуйидаги муддатларда хулоса берилади:

  • лойиҳа-смета ҳужжатлари уч кун муддатда зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар олиш учун Фанлар академиясига йўналтирилади;
  • ҳужжатлар йўналтирилгандан сўнг бир кун муддатда буюртмачи ташкилотлар Фанлар академиясига буюртманома тақдим этади;
  • Фанлар академияси ўн иш куни давомида буюртмачилар билан шартнома расмийлаштиради ҳамда назарий ва амалий тажриба синовидан ўтказиш ишларини ташкил этади;
  • Фанлар академияси бир ойдан уч ойгача бўлган муддатда илмий тажриба-синов натижалари асосида илмий хулоса қабул қилади;

ФА илмий хулоса қабул қилгандан кейин уч иш куни давомида зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг нусхасини буюртмачига етказади. Шартнома шартлари тўлиқ бажарилганда хулосанинг асли ва тақдим этилган ҳужжатлар буюртмачига берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент фармони билан 1 октябрдан республикадаги кўп квартирали уй-жойлар зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказилиб, улар натижаларига кўра сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган уйлар ўрнига янгилари қурилиши хабар қилинганди. Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб 9 ва ундан юқори қаватли янги қурилаётган биноларда вибродинамик ускуна ёки махсус асбоб-ускуналар ёрдамида синов ва текширув ўтказиб борилади.