1 октябрдан бошлаб республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Президентнинг 30 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида бу ҳақда сўз боради.

Хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги кўп квартирали уй-жойларни зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказишга масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида баландлиги 9 қават ёки ундан юқори бўлган серияли қурилиши режалаштирилган ёки танлаб олинган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш, сифатини таъминлаш ҳамда камчиликларни олдиндан бартараф этиш мақсадида вибродинамик ускуна ёки замонавий рақамлаштирилган инструментал асбоб-ускуналар ёрдамида синов ва текширув ўтказиб борилади.

Бунда, синов ва текширувлар қурилиш ишларига масъул бўлган буюртмачи ташкилотлар томонидан ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Қурилиш вазирлигига 1 декабрга қадар Ўзбекистон шароитида сўнгги замонавий усулларни ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда «Кўп қаватли биноларни лойиҳалаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини илмий-тадқиқот ва тажриба-синов натижалари асосида ишлаб чиқиш жараёни бўйича Кенгашга ахборот киритиш топширилди.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат органлари раҳбар кадрлари ва ходимларининг Аҳолининг барча қатламларини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа орқали малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ўтказиб борилади.

Бунда, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари раҳбар кадрларнинг аҳолига зилзилалар вақтида ўзини тутиш қоидаларини тушунтириш, кучли зилзилалардан талафотларсиз чиқиш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш бўйича кўникмаларини оширишга йўналтирилади.

ФВВга АКТ вазирлиги билан биргаликда 1 августга қадар аҳолининг барча қатламини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан сўнг тўғри ҳаракат қилишга мустақил ўргатиш учун мўлжалланган мобил иловани ишлаб чиқиш юклатилди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Фарғона политехника институтида «Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги» таълим мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилади. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида эса 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб «Тарихий обидаларнинг сейсмик мустаҳкамлиги» таълим мутахассислиги очилади.