Fitch Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги ва кутилмаси қандай ҳолларда оширилиши ва пасайтирилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Агентликнинг ҳисоботида қайд этилишича, мамлакатнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва BB рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.

Fitch’нинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги ва кутилмаси қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

  • макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда ва аҳоли жон бошига ЯИМ миқдорининг BB рейтингига эга давлатлар билан фарқи камайганда;
  • «қонун устуворлиги», «аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик», «тартибга солиш сифати» ва «коррупцияни назорат қилиш» каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;
  • фискал ва ташқи захиралар сезиларли ошганда.

Шу ўринда, мамлакатнинг хомашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:

  • ташқи молиявий кўрсаткичлар ёмонлашганда, пул ўтказмаларининг доимий камайиши, ташқи савдо дефицитининг ошиши сабабли жорий операциялар ҳисоби манфий сальдосининг ортиши, халқаро захираларнинг сезиларли даражада камайиши ёки ташқи мажбуриятларнинг тез ошиши;
  • иқтисодий ўсиш суръатининг давомий секинлашиши, давлат шартли мажбуриятларининг давлат томонидан қопланиши туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиши ёки суверен фискал буферларнинг камайиши.

Қайд этилишича, Ўзбекистон геосиёсий вазиятнинг дастлабки таъсирига бардош бера олди ва мамлакат иқтисодиёти ташки шокларга қарши чидамлилик намойиш этишда давом этмоқда.

Хусусан, қулай экспорт нархлари, қўллаб-қувватловчи фискал сиёсат, пул ўтказмаларининг сезиларли ошгани ва валюта алмашув курсининг барқарорлашуви натижасида республика иқтисодиёти жорий йилнинг I ярим йиллигида 5,4 фоиз ўсишга эришгани сабабли агентлик 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати бўйича кутилмасини 3,1 фоиздан 5,1 фоизга оширган.

Шу билан бирга, Fitch томонидан келгуси йилда кутилаётган глобал ўсишнинг заифлашуви оқибатида 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,7 фоизга ўсиши ва 2024 йилда босқичма-босқич амалга ошириладиган фискал консолидация ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноатга ижобий таъсир кўрсатадиган ислоҳотлар натижасида реал ўсиш суръати 5,5 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, 2022 йилда жорий операциялар ҳисоби дефицити ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Мазкур кутилма олтин экспорти ва олтинсиз экспортнинг ўсиши ва пул ўтказмаларининг сезиларли ортгани билан изоҳланган.

Агентлик прогнозига мувофиқ, халқаро захиралар келгуси йилларда барқарор (2023−2024 йилларда — ўртача 33,5 млрд. доллар) даражада сақланиб қолади. 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 11,7 фоизни ташкил қилади ва 2024 йилга келиб 9,2 фоизга пасаяди.

Агентлик прогнозига кўра, ижтимоий соҳа ва инвестиция харажатларини ҳисобга олган ҳолда консолидациялашган бюджет дефицити 2022 йилда ЯИМга нисбатан 4,8 фоизга етиб, 2023 йилда 4,1 фоизгача пасаяди. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати эса 2022 йилда 37,3 фоизга етиши, аммо BB рейтингига эга давлатлар медианасидан (ЯИМга нисбатан 55 фоиз) паст даражада бўлиши қайд этилган.

Шунингдек, парламент тасдиқлаган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси, янги жалб қилинадиган давлат қарзига йиллик лимитлар белгиланиши ва давлат қарзи ЯИМга нисбатан 50 фоиздан ошган ҳолатларда қарз ҳажмини камайтириш чоралари кўрилиши назарда тутилганлиги алоҳида эътироф этилган.

Мазкур қонун самарадорлиги амалда қарз ўсиш суръатларини секинлаштириш, шартли мажбуриятлар хатарини бошқариш ва давлат фискал буферларини сақлаб қолиш салоҳиятига боғлиқлиги, ҳамда мазкур чоралар республика кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи асосий омил сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Fitch Ratings апрель ойида Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини BB- (барқарор) даражада тасдиқлаганди. Мамлакатнинг хомашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.