Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 29-ялпи мажлисида «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Ҳужжатнинг мазмуни билан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев таништирди.

Қонун билан давлат қарзининг максимал миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан ошиб кетмаслиги лозимлиги белгилаб берилмоқда. Бундан ташқари, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилиши мумкинлиги қайд этилган.

Ҳужжатда президент, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий Банк ва Молия вазирлигининг давлат қарзларини бошқариш соҳасидаги ваколатлари акс этган.

Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш, шу жумладан қарз маблағларини жалб қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Парламентга энг юқори миқдорни аниқлаш, давлат қарзларини бошқариш стратегияси бажарилишини кўриб чиқиш ва йиғилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича ҳисоботларни эшитиш ваколати берилмоқда.

Давлат қарзларини бошқариш стратегияси қарзнинг ҳозирги ҳолатини ва прогнозларини, шу жумладан унга хизмат кўрсатиш, барқарорлик кўрсаткичлари, хатарларни бошқариш ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш нархини пасайтириш, шунингдек давлат томонидан тақдим етиладиган кафолатларнинг йиллик чегараларини акс эттиради. Стратегия фискал стратегия билан биргаликда уч йил муддатга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши ва кўриб чиқиш учун Олий Мажлис палаталарига тақдим етилиши кутилмоқда.

Қонунда давлат кафолатини бериш тартиби, у тақдим этилмайдиган ҳолатлар, резидент қарз олувчиларнинг мажбуриятлари ва давлат кафолатини бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар ҳам мавжуд.

Давлат қарзи ҳажми ЯИМнинг 50 фоизига етганда, Вазирлар Маҳкамаси парламентда ушбу стандартдан ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича таклифларни киритади. Ушбу нормада иқтисодий инқирозлар юз берганда ЯИМга давлат қарзининг кескин ошиши эҳтимоли ҳисобга олинади.

Қонун, шунингдек, давлат маблағларини жалб қилиш орқали лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси билан чиққан қарз олувчилар лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлаш учун жавобгарлигини назарда тутади.

1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 25,9 млрд долларга етди. Шундан 23,2 млрд доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади. Бунга қадар давлат ташқи қарзи қайси йўналишларга сарфланаётгани ва ниманинг ҳисобидан қопланаётгани ҳақида ёзгандик.

Аввалроқ, ялпи мажлисда сенаторлар саволига жавоб бераркан молия вазири ўринбосари Одилжон Исаков бу кўрсаткич олдинга қўйилган мақсад эмаслигини маълум қилгани ҳақида ёзгандик. «Бу лимит юқори чегара, мақсад эмас. Ҳозирги кунда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 37 фоизни ташкил қиляпти. Йил охирига бориб, бу 40 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Яъни, биз яна 20 фоиз буфер олганмиз», — деди у.

Молия вазирлиги вакили шунингдек, бунга нима сабаб бўлгани ҳам тушунтирди.

«Сабаби 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли ташқи қарз маблағларини режага нисбатан кўпроқ жалб қилдик. Шу билан биргаликда, ЯИМ ўсиш суратлари ҳам кутилгандан камроқ бўлди. Бу бутун дунёда тескари ўсишда бўлганда ҳам Ўзбекистонда 1,7 фоиз ўсишга эришилди. Шундай бўлса ҳам ўшанда қарзнинг ЯИМга нисбати қарийб 10 фоизга ошиб кетди. Биз ўшанда камида 10 фоиз буфер керак экан деб хулоса қилдик», — деди Одилжон Исаков.