Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 28 август куни 13:40 лар атрофида содир бўлган ЙТҲ оқибатида Lacetti автомобили ёниб кетди, деб хабар берди Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи Ж.Р. Lacetti автомашинасида 4Р-79 «Қарши-Шаҳрисабз» йўлининг Қамаши тумани «Қўшкапа» маҳалласидан ўтган 43 километрида Шаҳрисабз шаҳри томон ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи П.Ж. бошқарувидаги Gentra автомобили қатнов қисмига чиқиб кетиши натижасида тўқнашиб кетган.

Ҳодиса оқибатида Lacetti автомашинаси ёниб кетган. Натижада унинг ичидаги ҳайдовчи Ж.Р. воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.